ТОРМОЗЛАНИШ

ТОРМОЗЛАНИШ (физиологияда) — қўзғалиш таъсирида органлар, тўқималар ёки ҳужайралар нерв марказлари фаолиятини сусайтирадиган нерв жараёни. Одам ва ҳайвонлар марказий нерв системасида Тормозланиш жараёнлари мавжудлигини илк бор И. М. Сеченов (1863) аниқлаган. И. П. Павлов олий нерв фаолиятига тегишли барча мураккаб жараёнларда қўзғалиш билан бирга Тормозланиш содир бўлиб туришини кўрсатиб берган. Марказий нерв системасининг бирон бўлимида Тормозланиш пайдо бўлиши унинг функционал ҳолати, хусусияти ва қўзғатувчининг кучи (интенсивлиги)га боғлиқ. Тормозланиш жараёни келиб чикиш жойига кура, периферик Тормозланиш (бевосита мускул ёки без элементларида юз беради) ва марказий Тормозланиш (марказий нерв системасида амалга ошади) тафовут килинади. Ҳар қандай нерв фаолияти ўзаро боғланган 2 жараён: Т. ва қўзғалишдан иборат. Бу икки жараённинг ўзаро таъсири натижасида қон айланиш, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, ҳаракатланиш каби организмнинг энг муҳим функциялари бошқариб турилади. Айрим нерв касалликлари (эпилепсия ва б.) ва бир қанча заҳарли моддалар (мас., стрихнин) таъсирида марказий нерв системаси фаолиятининг бузилиши тиришишга олиб келади.

Prev Article

ТОРМОЗ ЙЎЛИ

Next Article

ТОРОБ