ТЎРТКЎЛ (1873-1918 й. ларда ПетроАлександровск) — Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги шаҳар, туман маркази. Яқин т. й. станцияси — Тўрткўл (4 км). Аҳолиси 50,8 минг киши (2004).
Т. Амударёнинг ўнг соҳилида ўрнашиб олган мустамлакачи рус ҳарбийлари томонидан қад. Тўрткўл қишлоғи ўрнида 1873 й. 13 авг. да қалъа сифатида барпо қилинган ва рус подшолари шарафига ПетроАлександровск деб номланган. Шаҳар қуриш учун хон девонбегиси Матниёз (Муҳаммад Ниёз)га қарашли ерларнинг 3227 таноби (Амударё соҳилидан 12 чақирим нарида) тортиб олинган. Шаҳар қатъий план асосида тўртбурчак (тўрт гул — квадрат) шаклида қурилган (Т. номи шундан). Маҳаллий ривоятлардан бирида шаҳар номи «Дургил» форсий «Дурри гил» — серхрсил, олтин тупроқ маъносида талқин этилади. Шаҳарда рус ҳарбий қўшинлари жойлашган, стратегик жиҳатидан қулай ердаги бу шаҳар подшо Россияси томонидан Сирдарё вилояти Амударё бўлимининг сиёсиймаъмурий ва ҳарбий бошқармаси кароргохига айлантирилди.
1925 й. дан Т. Қорақалпоғистон Мухтор вилоятининг маъмурий маркази, 1932 й. дан Қорақалпоғистон АССРнинг биринчи пойтахти бўлди. Дарё сувининг қирғоқни ювиши натижасида ўнг қирғоқ емирилиб Амударё Тўрткўлга яқинлашиб кела бошлади. 1925 й. да Амударё Тўрткўлдан 8 км узоқликда оқиб ўтган бўлса, 1934 й. да сув шаҳардан атиги 500—800 м наридан оқиб ўта бошлади. 1938—40 й. лар мобайнида дарё қирғоғининг ювилишига қарши олиб борилган чораларга қарамай шаҳарни сув ювиб кетди ва 1949 й. да шаҳар янги жойга кўчирилди. 1932 й. да Қорақалпоғистон АССР пойтахти Тўрткўлдан Нукуста кўчирилган.
Тўрткўл иқтисодий ва маданий жиҳатдан Қорақалпоғистоннинг ривожланган шаҳарларидан бири. Шаҳарда «Агромаштаъмир», пахта тозалаш зди, «Тўрткўлтекс», «Тўрткўлёғ», «Тўрткўлмой» қўшма корхоналари, темирбетон зди, «ОсиёТўрткўл» корхонаси, 2 автокорхона, Ёнбош сувқурилиш, 1қурилиш бошқармалари, 3 қурилиш кўчма механизациялашган колонна, 3 МТП бор. Шунингдек, туман ҳокимияти биноси, супермаркет, «Ниҳол», «Навбаҳор», «Зарафшон», «Ором» кафелари, «Юсупота» чойхонаси, Тантаналар уйи, автовокзал ва т. й. вокзали, маданият саройи, «Ёшлик» маданият ва истироҳат боғи, ўлкашунослик музейи, 2 уймузейи, 2 маданият уйи, 8 кутубхона, марказий майдонда «Мустақиллик», «Мотамсаро она», «Байналминал жангчиларга» ёдгорликлари мавжуд. 11 умумий таълим, бизнес, санъат мактаблари ва б., санаторий, мактабинтернат, тиббиёт, банк, қ. х. маиший хизмат, енгил саноат касбҳунар коллежлари фаолият кўрсатади. Тўрткўлда Тошкент иқтисодиёт унтининг ўқув консультатив пункти ишлаб турибди.
Стадион (20 минг ўрин), марказий касалхона (625 ўрин), тез тиббий ёрдам маркази бўлими, сил ва теританосил касалликлари диспансерлари, болалар ва аёллар консультацияси, поликлиника, стоматология поликлиникаси, «Доридармон» ва б. дорихоналар мавжуд. Тўрткўл республика аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўли ёнида жойлашган. Тошкент—Нукус йўналишидаги поездлар Тўрткўл орқали ўтади. Ҳаво транспорти Т. ни Нукус, Бухоро, Самарканд, Тошкент ш. лари бн боғлайди. Электр энергияси Тахиатош иссиклик электр стядан олинади.