ТОШКЕНТ ҚЎЗҒОЛОНИ

ТОШКЕНТ ҚЎЗҒОЛОНИ, Вабо исёни (1892.24.6) — подшо ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати ва миллий зулмига қарши кўтарилган қўзғолон. 1892 й. май ойида Жиззахда вабо касали тарқалган. Июнь ойида Тошкентда ҳам вабо тарқалгани маълум бўлган. Янги шаҳарда 417, Эски шаҳарда 1462 бемор аниқланган. Подшо ҳукумати маъмурлари унинг фожеали оқибатларининг олдини олиш учун шошилинч чоралар кўра бошлади: 7 июнда шаҳар маъмурияти 12 эски қабристонни ёпиб, янги 4 қабристон очилишини, шаҳардан чиқиш чекланганини эълон қилган. Лекин мустамлака маъмурияти бу тўғрида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бормаган, мусулмончилик одатлари, маросим қонунқоидаларини ҳисобга олмаган. Ваъда қилинган 4 та янги қабристон ўрнига фақат биттаси очилган. Вабодан ўлганларни врачнинг рухсатисиз кўммаслик буюрилди ҳамда уларни шаҳар ичидаги мозорларга дафн этиш тақиқланди. Касал бўлиб вафот этганлар қайси кийимда бўлса, ўша кийими билан чуқур қазилган қабрга қўйилиб, устидан оҳак сепиб белгилаб қўйилди. Бунинг устига ўлганларга жаноза ўқиш, яқин қариндошларнинг мозорга бориши ҳам такикланди. Марҳумларни урфодатга кўра, кўмиш ғоят мушкул юмушга айланди. Одамлар ўликни эски қабристонларга олиб бориб кўмишга мажбур бўлдилар. Полиция бундайларни топиб ҳибсга ола бошлаган. Бу сабр косаси тўлиб турган халқни қўзғолон кўтаришига туртки бўлди. Халойиқ (мингга яқин киши) эшонлардан Азизёр, Абулқосимхўжа, бозор оқсоқоли Зиёмуҳаммад ва б. таникди кишилар бошчилигида 24 июнда таёқ, кетмон, тош ва ҳ. к. билан қуролланиб шаҳар бошлиғи маҳкамасига бостириб борди. Бу ерда Тошкент ҳокими С. Р. Путинцев ва оқсоқол Муҳаммад Ёқубга қарши ҳужум қилдилар. Оқсоқол халққа дағдаға қила бошлагач, унинг бошига тошлар ёғилган. Машҳур «Тошотар воқеаси» бошланган. Оқсоқол ҳокимнинг идорасига яширинган. Халқ Путинцевдан оқсоқолни тутиб беришни талаб қилган. Путинцев тўппончасини чиқариб дағдаға қилишга ўтган. Сабр косаси тўлган халқ Путинцев ва унинг миршабларини дўппослаган, маҳкамани остинустун қилган. Шу онда Сирдарё вилояти ҳарбий губернатори Гродеков бошчилигидаги аскарлар келиши туфайли қўзғолончилар чекинишга мажбур бўлдилар. Рус аскарлар қўзғолончиларнинг орқасидан қува бошлагач, ноилож қолган оломон Анҳор сувига ўзини ташлади. Эртасига Анҳордан 80 кишининг ўлиги топилди.

Қўзғолончиларнинг қолган қисми Эски шаҳарга қочиб борди. Жоме масжиди олдида тупланган оломон бу ерга кетма-кет етиб келган Гродеков бошчилигидаги аскарларни тошбўрон қилди. Бунга жавобан ўқ узилди ва 10 киши ҳалок бўлди, кўпчилиги яраланди. Шу равиҳда қўзғолон бостиридди. Қўзғолончиларнинг бир қисми оқсоқол Муҳаммад Ёқубнинг шаҳар ҳовлисини ва богини ёқиб юборди.

Рус маъмурияти қўзғолон қатнашчиларидан 60 кишини судга бериб, 3 кишини ўлимга ва 20 кишини турли муддатлар билан қамоқ жазосига ҳукм қилди. Қўзголон вабо тарқалиши ва унга қарши хукумат чоралари амалга оширилаётган пайтда юзага келганлиги учун тарихий манбаларда «Вабо исёни» номида юритилган.

Аслида эса у подшо ҳукуматининг мустамлакачилик ва миллий зулмига қарши қаратилган халқ ҳаракати эди. Тошкентдаги бу қўзғолон тарихда ўзбек халқининг ўз мустақиллиги ва эркинлиги учун олиб борган йирик қўзғолонларидан бири бўлиб қолган.

Ад.: Ўзбекистоннинг янги тарихи. 1китоб [Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Каримов Ш., Шамсутдинов Р., Туркистон Русия босқини даврида, Андижон, 1995.

Хуршида Юнусова.

Loading...