ТОТАЛИТАРИЗМ

ТОТАЛИТАРИЗМ (лот. totalis — яхлит, тўлиқ) — 1) давлат бошқарув шаклларидан бири (тоталитар давлат). Тоталитаризмда жамият ҳаётининг барча соҳалари устидан давлатнинг ялпи, тўла (тотал) назорати ўрнатилади, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар тугатилади, бир шахс, ижтимоий гуруҳнинг (мас., ҳарбийларнинг ёки бир партиянинг) яккаҳокимлигига сўзсиз бўйсунилади, муҳолафат ва ўзгача фикрловчилар қатағон қилинади (мас., 20-а. нинг 20-й. лари охиридан бошлаб фашистлар Италиясидаги, нацистлар Германиясидаги Тоталитаризмнинг турли шакллари, СССРдаги коммунистик режим, Испаниядаги франкизм ва б.);

2) этатизм, авторитаризмни окловчи сиёсий тафаккур йўналиши. 20-а. нинг 20-й. ларидан Тоталитаризм Германия ва Италиядаги фашистларнинг расмий мафкурасига айланган.