ТОЗАБОҒЁП МАДАНИЯТИ

ТОЗАБОҒЁП МАДАНИЯТИ — Хоразмдаги жез даврига оид археологик маданият (мил. ав. 2минг йиллик ўрталари ва 2ярми). Тозабоғёп канали номи билан аталган. 1938 й. С. П. Толстов ушбу канал яқинидан бу маданиятга оид манзилгохларни топган. Кейинчалик Я. Ғуломов, М. А. Итина, А. Асқаровлар ўрганган. Тозабоғёп маданияти Жан. Оролбўйи ҳудудида маҳаллий (Сувёрган маданияти аҳолиси) ва Жан. Уралолдидан келган (ёғочбанд маданияти ва Андроново маданияти аҳолиси) қабилалар аралашувидан шаклланган. Келгинди қабилалар таъсири антропологик типларда (мас., Кўкча—3) ва тозабоғёпликларнинг моддий маданиятида кўзга ташланади. Улар томи қамиш билан ёпилган кулба ва ертулаларда яшаганлар. Тозабоғёп маданияти Амударё дельтаси, Қуйи Зарафшон ва Қайроққум чўл зонасида тарқалган. Бу худудлардан юзлаб макон ва 10 га яқин қабристон аниқланган. Асосий машғулотлари — суғорма деҳқончилик ва хонаки чорвачилик, меҳнат ва харбий қуроласлаҳалар жездан, баъзан тошдан ясалган. Ойболта қуйиш учун тайёрланган қолиплар топилган. Туваксимон сопол идишларнинг таги ясси, қўлда ясалган, ўйма ва қолипли геометрик нақш берилган. Тозабоғёп маданияти кишилари уруғчилик жамиятида яшаганлар, матриархат анъаналари сақланган.

Ад.: Толстов СП., По древним дельтам Окса и Яксарта, М., 1962.

Loading...