ТРАНСЛЯЦИЯ

ТРАНСЛЯЦИЯ (биологияда) генетик кодга биноан, информацион РНК асосида оқсил полипептид занжирлари синтези; тирик қужайраларда ирсий ахборот амалга оширилишининг 2босқичи. Трансляция жараёнида иРНК молекуласида нуклеотидлар кетма-кетлиги тарзида ёзилган оқсил молекуласи тўғрисидаги ахборот нуклеотидлар кодидан синтезланадиган оқсил молекуласидаги аминокислоталарнинг муайян кетма-кетлиги ҳолатига ўтказилади. Бошқача қилиб айтганда, иРНКдаги ахборот нуклеотидлар тилидан аминокислоталар тилига ўтказилади. Трансляцияда и РНК дан ташқари рибосомалар, транспорт РНК (тРНК), оқсилларнинг аминоацил—тРНКсинтетаза, инициация (бошловчи), элонгация (полипептидни давом эттирувчи), терминация (тамомловчи) ва б. омиллардан иборат мураккаб макромолекуляр комплекс иштирок этади. Аминокислоталарни РНК рибосомаларга олиб боради. Трансляциянинг инициация босқичида рибосоманинг кичик суббирлиги, тРНК ва инициация омили иРНК даги кодонинициаторни таниб олади. Шундан сўнг рибосоманинг катта суббирлиги қўшилиб, оқсил синтези бошланади. Бу синтез 3 босқич: тРНК нинг қўшилиши, пептид боғ ҳосил бўлиши ва рибосомаларнинг 3 нуклеотидга силжиши — транслокация орқали боради; шундан сўнг барча цикл яна такрорланади. Кодонтерминаторларни таниб олишда терминациянинг оқсил омиллари полипептид занжирининг рибосомадан ажралишини катализлайди. Оксил синтезида иРНК полирибосома таркибига киради. Ҳар бир полирибосомада бир вақтнинг ўзида 100 тагача рибосомалар синтезни олиб боради. Прокариотларда полирибосомалар транскрипция даврида и РНК да (ДНКдан ажралмасдан олдин) қосил бўлади. Эукариотларда оқсил синтези цитоплазмада боради.