ТРАНСМИССИВ КАСАЛЛИКЛАР — бемор (ёки бактерия ташувчи)дан ёки касал ҳайвондан бўғимоёкдюгар, мас., қон сўрувчилар орқали соғлом кишиларга юқадиган инфекцион касалликлар. Бу гуруҳга мансуб касалликларнинг қўзғатувчилари соғлом одам организмига тери орқали тушади ва, асосан, қонда бўлади. Одатда, терида тошмалар пайдо бўлиши ва майда томирлар жароҳатланиши билан кечади. Риккетсиозлар Т. к. нинг катта қисмини ташкил этади. Кўпинча маълум ҳудудларда қайд қилинади ва ўша жойнинг номи билан аталади. Трансмиссив касалликлар 5 гуруҳга бўлинади: тошмали терлама гуруҳи, кана доғли иситмаси гуруҳи, қизил таначали кана иситмаси, пневмотроп (нафас йўлларини жароҳатлайдиган) риккетсиозлар ва пароксизмал риккетсиозлар. Касаллик, асосан, бит, бурга ёки каналар чаққанда юқади. Тошмали терламада одам, бошқасида каламуш, сичқон ва б. кемирувчи ҳайвонлар, айримларида ёввойи ва уй ҳайвонлари ҳамда қушлар резервуар ҳисобланади.