ТРАХОМА (юн. trachus — ғадирбудир) — кўз шиллиқ пардасининг сурункали яллиғланиши билан кечадиган юқумли касаллик. Т. ни chlamydia trachomatis қўзғатади. Бемор касалликнинг асосий манбаи ҳисобланади. Соғлом кўзга кир қўл ёки уйрўзғор буюмларидан (кўпчилик битта ёстиқ, сочиқ, адёл ва б. дан фойдаланганда) юқади. Болалар боғча ва яслиларда ўйинчоклар орқали зарарланиши мумкин. Трахома сезиларсиз бошланиб, астасекин зўраяди. Аввалига кўзга бир нарса қадалгандек, қовоқлар оғирлашгандек туюлади. Юқори қовоқ шиллиқ пардасида шиш ва фолликулалар — доначалар пайдо бўлади, кўз қизаради ва қовоклар торая боради. Бемор яқинда уйқудан тургандек ёки чала ухлагандек бўлади. Касаллик авж олганда кўз мугуз пардасида ҳам доначалар пайдо бўла бошлайди. Бунда кўз ёшланади, бемор кўзини очолмай қолади. Қовоқ четидаги юшриклар ўзаги чандиқланиб, улар нотўғри ўсиб чиқади ва кўз мугуз пардасига таъсир этиб, унга қадалаверади. Қовоқ шиллиқ пардасида чандиклар пайдо бўлиши натижасида пастки қовоқ. чети ичига қайрилади. Касаллик енгил, ўртача ва оғир кечиши мумкин. У кўп жиҳатдан бемор организми ҳолатига боғлиқ бўлиб, организмда моддалар алмашинувининг бузилиши касалликлари, витаминлар етишмаслиги, маҳаллий касалликларнинг қўшилиши ва б. да бирмунча жиддий кечади.
Трахома ўз вақтида аникланиб даволанмаса, 5—10 йиллаб давом этиб, бемор бутунлай кўр бўлиб қолиши мумкин, чунки кўз мугуз пардасини намлаб турадиган кўз ёши йўллари чандиқланиб, бекилиб қолади, натижада мугуз парда қаҳраб, оппоқ оқариб, садафга ўхшаб кўринади.
Касалликнинг олдини олишда шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, аҳолининг маданий турмуш даражасини ошириб бориш катта аҳамиятга эга. Трахомага гумон қилинганда дарҳол врачга кўриниш лозим; бемор тўғри ва мунтазам даволанса, бутунлай соғайиб кетиши мумкин. Ҳоз. Трахома деярли учрамайди.