ТРИУМФ

ТРИУМФ (лот. triumphus) — 1) Қад. Римда музаффар саркарданинг қўшин билан пойтахтга (Марс майдонидан Капитолийдаги Юпитер ибодатхонасигача) тантанали кириб келиш маросими. Триумф сенат карори билан ўтказилган ва саркарда учун энг олий мукофот саналган. Триумф маросимини сенаторлар бошлаб беришган, уларнинг кетидан созандалар ва қўшиқчилар кузатувида 4 та оқ от қўшилган жанг аравасида ғолиб саркарда (триумфатор) борган. Жангчилар ўлжа ва бадавлат, зодагон асирларни олиб ўтганлар. Т. Римнинг зафарли урушлари даврида (мил. ав. 3 — 1-а. лар) 2—3 кун давом этган. Империя даврида Триумфлик шарафига император ва унинг яқин қариндошларигина сазовор бўлишган;

2) кўчма маънода — ажойиб муваффақият, буюк ғалаба.

Loading...