ТРОЛЛЕЙБУС

ТРОЛЛЕЙБУС (инг. troley — контакт сими ва bus — автобус) — контакт тармоги (кўчаларга тортилган сим) дан 2 «шохи» (дугаси) орқали ток билан таъминланадиган рельссиз шаҳар электр транспорти. Троллейбус яратиш ва ундан фойдаланиш ишлари 19-а. 80-й. ларида Германияда олиб борилган. Троллейбусни ишлаб чиқишда контакт тармоғидан ток олиш масаласи анча қийин бўлган. Троллейбус дастлаб 20-а. 30-й. ларида Европа мамлакатларида қатнай бошлаган. Тошкентда Троллейбус қатнови Троллейбус вокзали — Эски жўва маршрути бўйича 1947 й. бошланган. Манёврчанлиги, шовқинсизлиги ва рельссиз ҳаракатланиши Троллейбуснинг трамвайдан афзаллиги, контакт осмасининг мураккаблиги камчилигидир. Арзон электр энергиядан фойдаланиши, газ чиқармаслиги, ишлатишнинг оддийлиги ва ишончлилиги билан автобусдан устун туради. Троллейбус двигателининг куввати 120 кВт, контакт тармоғидаги кучланиши 500—600 В.

Кўпчилик Троллейбус 2 ўкли, 2 ёки 3 эшикли қилиб ишлаб чиқарилади. Катта шаҳарларда кўп ўкли Троллейбусдан фойдаланилади. Троллейбуснинг тезлиги 65—70 км/соат, ўртача 50—70 киши сигади. Асосий электр жиҳозлари: ўзгармас ток электр двигатели, вентилятор, компрессор ва паст кучланишли асбоблар, ёритиш ҳамда сигнал аппаратураларини таъминловчи генераторларни айлантирадиган ёрдамчи электр двигателлар. Механик қисмлари: трансмиссия, юриш қисми, бошқариш органлари. Трансмиссия карданли узатма ва дифференциал узатмадан иборат. Юриш қисми (рессора осмаси, ғилдирак гупчаклари ва б.) кўп ўринли автобус ва оғир юк машиналариникига ўхшаш. Оёқ тормози — пневматик, қўл тормози — механик. Рул бошқармаси механизмлари автомобилларникига ўхшаш. Троллейбусдан шаҳарлараро маршрут ларда ҳам фойдаланиш мумкин.

Ўзбекистонда Т. Олмалиқ, Самарқанд, Тошкент, Тўрақўрғон, Фарғона ш. ларида ва УрганчХива йўналишида қатнайди. Тошкент ш. да 15 та Троллейбус маршрута бор (2004).

Loading...