ТРУБА ПРОКАТЛАШ АГРЕГАТИ

ТРУБА ПРОКАТЛАШ АГРЕГАТИ — металл қуймалар ёки думалоқ заготовка (чала маҳсулот)лардан чоксиз металл трубалар олиш (прокатлаш — босим остида валлар орасидан ўтказиш) учун мўлжалланган машиналар тизими (прокатлаш стани). Бир-бирига боғланган бир нечта мустақил машиналарни уз ичига олади. Уларда чала маҳсулот (қуйма ёки заготовка) ни омбордан ташиб келиш, трубалар тайёрлаш, уларнинг сифатини текшириш ва тайёр трубаларни истеъмолчиларга жунатиш ишлари бажарилади. Труба прокатлаш агрегатида бажариладиган асосий операциялар: металл қуйма ёки заготовкани печда қиздириш, махсус станда босим билан буйлама тешиклар очиш (гильза ҳосил қилиш), гильза (калта турба) ни узайтириш ва деворини юпқалаштириш учун узайтириш станидан утказиш, калибрлаш (валлар орасидан утказиб, зарур диаметрга келтириш), трубани тўғрилаш, учларини текислаб қирқиш ва тайёр маҳсулот сифатини текшириш. Бу операциялар бажариладиган барча машиналар (станлар) и. ч. ни тўлиқ автоматлаштиришга имкон берадиган механизмлар билан ўзаро боғланган.

Труба прокатлаш агрегатининг ўлчами олиниши лозим бўлган трубаларнинг энг катта диаметрига, типи эса узайтириш станининг тузилишига қараб белгиланади. Ана шу аломатларига кўра, Труба прокатлаш агрегати, асосан 4 типга: узлуксиз, калта оправкали, уч валли ва пильгерли узайтирувчи станли агрегатларга бўлинади. Узлуксиз агрегатда диаметри 110 мм гача бўлган трубалар, калта оправкали агрегатда 60 — 450 мм ва бундан йўғон трубалар, уч валли агрегатда 30—220 мм ли трубалар, пильгерли агрегатда 400—700 мм ли трубалар олинади. Узлуксиз узайтирувчи станли Труба прокатлаш агрегати энг кенг таркалган.

Loading...