ТРУСКАВЕЦ

ТРУСКАВЕЦ — Украинанинг Львов вилоятидаги шаҳар (1948 й. дан). Машҳур бальнеологик курорт. Львовдан 100 км жан. ғарбда, Дрогобичдан жануброкда. Карпат тоглари этагида, 400 м баландликда. Воротишче тоғ дарёсининг водийсида жойлашган. Трускавец станцияси. Львов — Ужгород т. й. тармоғининг охирги пункти. Аҳолиси 33,6 минг киши (1990 й. лар ўрталари).

Трускавец даги дастлабки бальнеологик шифохона 1827 й. да сульфидли минерал сув булоғи ўрнида очилган. Курортда буйрак, сийдик йўли, ошқозон, жигар ва ўт йўллари, юрактомир касалликлари ва б. даволанади. Трускавец ҳудудида 10 дан зиёд санаторий фаолият кўрсатади. Минерал сувлардан, айниқса, «Нафтуся» минерал суви машҳур. Туризм ривожланган.

Prev Article

ТРУМЭН

Next Article

ТСОНГА