ТУҒРУҚ

ТУҒРУҚ — ҳомиладорликни якунлайдиган мураккаб физиологик жараён. Т. дан ҳомила ва йўлдош туғруқ йўлларидан ўтиб, ажралиб чиқади. Туғруқ нормал кечганида ҳомила 10 акушер (9 календарь) ойида туғилади; бу даврда ҳомила етук, бачадондан ташқарида яшаш қобилиятига эга бўлади.

Ҳомиладор аёлларнинг кўпчилигида Туғруқда 2 ҳафта олдин туғруқ нишонаси кўринади; бунда бачадон туби кескин олдинга эгилади, қорин пастга тушади ва аёл енгил нафас ола бошлайди; организмдан ажралган суюклик ҳисобига вазни бир қадар енгиллашади; бачадон мускуллари вактвақти билан қисқариб таранглашади.

Аёлнинг кўзи ёришига 1—2 кун қолганида қиндан қуюқ чўзилувчан шиллиқ ажралади, баъзан шиллиқ бир оз қон аралаш бўлади (ҳомиладорлик давомида бачадон бўйни каналини тўлдириб турган шиллиқ тиқин ажралиб чиқади), қорин пастида, дум/азада, бел соҳасида тарқоқ оғриқ кузатилади. Туғруқ нишонасидан аёл чўчимаслиги, аксинча Туғруқнинг яқинлашиб қолганлигини ҳис қилиши лозим. Ана шундай белгилар кўринганида аёл уйда бўлиб тургани маъқул, чунки тез орада тўлғоқ кучайиб, уни зудлик билан туғруқхонага элтиш зарур бўлади.

Баъзи аёлларда Туғруқ нишонаси бошланганида қоғоноқ суви кетиб қолади; бундай белгилар пайдо бўлганда аёлни дарҳол туғруқхонага ётқизиш керак, акс ҳолда қоғоноқ суви билан бирга ҳомиланинг киндик ҳалқаси ёки кўли қинга тушиши мумкин. Бундан ташқари, қоғоноқ суви Туғруқдан олдин кетиб қолса, қин орқали бачадонга инфекция кириши осонлашади. Ҳомиладор аёл туғишига яқин дард тута бошлайди (қ. Дард тупгиши).

Ҳомила ўтадиган туғруқ йўли (туғруқ канали) — кичик чаноқ суяклари ва юмшоқ тўқимадан (бачадон бўйни, бачадон туби мускулларидан) ташкил топган бўлиб, шакли эгилган найга ўхшаш.

Туғруқ каналининг кириш қисми қаттиқ суяк ҳалқадан иборат, эни 13 см, бўйи 11 см. Бу ўлчамлар ҳомила бошининг нормал ўтишига мое бўлади; ўлчамларнинг бундан кичик бўлиши (тор чаноқ) туғруқни мушкуллаштиради. Бундай вактда операция қилиб туғдирилади.

Туғруқ биринчи марта туғаётган аёлларда 15—24 соат, такрор туғаётган аёлларда 10—12 соат давом этиши мумкин. Туғруқнинг қанча давом этиши аёлнинг ёшига (ёши каттароқ аёллар биринчи марта туғаётганида туғруқ узоқ давом этади), ҳомиланинг каттакичиклигига, чаноқ ўлчамига, бачадон мускулларининг қисқаришига боғлиқ.

Туғруқ уч даврни ўз ичига олади. Биринчи давр узоқроқ (биринчи марта туғаётган аёлларда 13—18 соат, такрор туғаётганларда 6—9 соат) давом этади. Бу даврда бачадон бўйни астасекин текисланиб, Туғруқ канали кенгаяди. Бачадон бўйнининг ташқи тешиги тўла очилгач қоғоноқ (ҳомила пуфаги) ёрилади. Баъзи ҳолларда ҳомила пуфаги ёрилмай қолса, бола «пардали» тугилади, бу ҳомила учун жуда хавфли, чунки у димиқиб нобуд бўлиши мумкин. Бачадон бўйнининг тўла очилиши ва қоғоноқ сувининг кетиши бачадон мускулларининг қисқаришига ва ҳомиланинг туғилишига имкон беради (иккинчи давр). Бу даврда бачадон мускулларининг ритмик қисқариши янада кучлироқ ва узоқроқ давом этиб, унга кррин девори мускуллари ҳамда диафрагманинг кискариши қўшилади, яъни кучаниқ рўй беради. Аёл ҳар кучанганида ҳомила туғруқ канали бўйлаб сурила бошлайди, бунда ҳомила маълум ҳаракатлар қилиб сурилади, бу эса унинг осонгина туғилишини таъминлайди. Ҳомила боши чаноқнинг катта ўлчамига мослашиб силжийди, бу даврда ҳомила боши букилади ва энгаги кўкрагига тегади, юзи ўнг ёки чапга қарайди.

Ҳомила Туғруқ канали бўйлаб силжиганда энса қисми билан олдинга, юзи билан дум/аза томонга ўгирилиб олади. Ҳомиланинг боши чаноқ туби, тўғри ичак ва ташқи чиқарув йўлини босади, бунда аёлнинг ҳожати қистагандек туюлади. Кейинчалик аёл ҳар кучанганида ҳомила боши жинсий оралиқда кўринади, кучаниқ тўхташи билан кўринмай қолади; тез орада шундай пайт келадики, кучаниқ тутмай турганида хам қомила боши кўриниб тураверади. Бу вактда туғруқни бошқарувчи акушерка чақалоқни туғдиришга киришади. Ҳомиланинг туғилиш даврида аёл акушерканинг айтгани бўйича кучаниқни тезлатиши ёки секинлатиши мумкин, бунда бола чиқаётганида туғруқ йўлидаги юмшоқ тўқималар йиртилмай қолади. Ҳомиланинг боши чиқиши билан танаси кўринади. Шу билан Туғруқнинг иккинчи, яъни ҳомиланинг туғилиш даври тугайди. Бу давр биринчи бор туғаётган аёлларда 1,5—2 соат, такрор туғаётган аёлларда ярим соатдан бир соатгача давом этади.

Чақалоқ билан йўлдошни бирлаштирувчи киндик кесиб боғланади. Чақалоқ туғилиши биланоқ йиғлайди, нафас ола бошлайди. Энди учи нчи давр, яъни йўлдош тушиш даври бошланади, бу ўртача 30 мин. дан 1 соатгача давом этади. Бунда йўлдош бачадон деворидан кўчади ва тушади; бир оз (250 мл ча) қон кетади. Йўлдош тушиш даврини врач синчиклаб кузатиб туради, чунки йўлдош бутунлигича тушмай, бирор бўлаги қолиб кетса, қон кетишига сабаб бўлиши мумкин. Йўлдош тушиши билан Туғруқ тугаб, чилла даври бошланади.

Loading...