ТУМАН ОҒО МАЖМУАСИ

ТУМАН ОҒО МАЖМУАСИ — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик (14 — 15-а. лар). Шоҳизинда ансамбли таркибида. Мажмуа Амир Темурнинг хотини Туман оғо бегим номи билан боғланган. Туман оғо мажмуаси мақбара, масжид, ҳужралар ва чортокдан иборат, турли даврларда бунёд этилган. Безаклари 15а. бошларида ишланиб, унинг яхлитлигини таъминлаган. Мақбара хочсимон тарҳли, мовий гумбазли, пойгумбази баланд қилиб қурилган. Изораси ёрқин яшил рангли, 6 қиррали кошин ғиштлар билан якунланган, тилла ҳалли қилиб пардозланган. Тарзи ўйма кошин, ислимий ва гириҳ нақшлар билан безатилган, ёзувлар билан тўлдирилган. Ёзувларни «сулс» хатида уста Шайх Муҳаммад ибн Ҳожи Бандгир атТуғро Табризий бажарган. Ички безагида кўк, оқ ва қизил рангли нақшлар манзарали расмлар билан уйғунлаштирилган. Мақбаранинг жан. да 3 гумбазли масжид жойлашган. Унинг меҳроби ёрқин рангли парчин билан қопланган. Шоҳизинда ансамблининг юқори гуруҳида жойлашган ушбу ёдгорликларга юқори чортоқ орқали кирилади. Чортоқнинг ички гумбази муқарнас косачалар билан тўлдирилган. Пештоғи ғишт ва йиғма кошин билан қопланган. Ҳужрага кираверишдаги ёзувда масжидга амир Мусо қизи Туман ofo асос солганлиги қайд қилинган. Умумий тарҳи 5,7×6 м.

Loading...