ТУПРОҚ ОСТИДАН СУҒОРИШ — тупроқнинг ўсимлик илдизи тарқаладиган қатламини ер ости қувурлари орқали намлаш; суғоришнинг истиқболли усулларидан бири. Бу усулни сабзавот, техника экинлари етиштиришда, боғларда, токзорларда ва б. да қўллаш самаралидир. Тупроқ остидан суғоришда сувни анчагина иқтисод қилишга (30—40%) эришилади. Тупроқ остидан суғоришда сув кам меъёрда, аммо тез-тез берилади, бу эса ўсимликларнинг яхши ривожланишига қулайлик туғдиради. Суғоришнинг бу усулида ўсимликларнинг илдиз системалари тарқаладиган зонада нам захиралари энг кўп тўпланади, устки қатлам (0—15 см) эса қуруқ ҳолда қолади ёки бир қадар намланади. Натижада тупроқ бетида қатқалоқ ғосил бўлмайди, устки қатламдан ҳавонинг яхши ўтиши таъминланади, бегона ўтларнинг ўсиши ва кўпайишига шароит бўлмайди. Тупроқ остидан суғориш учун тупроқ юқори капиллярлик хусусиятига эга бўлиши, сув бериладиган участка текис бўлиши шарт. Бу усулни йирик донадор, тошлоқ ва шўрланган тупроқда қўллаш мумкин эмас. Намлагич сифатида тешикчалари бўлган сопол, пластмасса ва б. қувурлардан фойдаланилади. Сув бериш тарзига қараб Тупроқ остидан суғориш с босимли, босимсиз ва вакуумли бўлиши мумкин. Босимли Тупроқ остидан суғоришни қўллаш бўйича биринчи тажрибалар Ўзбекистонда 20-а. нинг 30-й. лар охири — 40-й. ларнинг бошларида СоюзНИХИ нинг Марказий тажриба мелиорация стясида, кейинроқ Оққовоқ агротехника тажриба стясида ўтказилган. 60—70-й. ларда Тупроқ остидан суғориш технологияси ва конструкцияси турли тупроқ типларида ўрганилди. Тупроқ остидан суғориш снинг тажриба — ишлаб чиқариш. тизимлари Мирзачўл ва Жиззах чўлининг ўзлаштирилган ерларида (кам шўрланган сурўтлоқи енгил тупроқларда), уларнинг энг йириклари Сирдарё вилоятида 50—200 га майдонда қурилган.