ТУР ҲОСИЛ БЎЛИШИ

ТУР ҲОСИЛ БЎЛИШИаждод турнинг бир неча янги гурух,пар (линиялар)га ажралиши орқали янги турлар ҳосил бўлиши жараёни. Тур ҳосил бўлиши муаммосини Ч. Дарвин (1859) ўзининг дивергенция концепциясида узилкесил ҳал қилиб берган. Унинг кўрсатишича, дивергенция тур ичида борадиган кураш шароитида табиий танланиш туфайли дастлабки формадан энг кўп фарқ қиладиган белгига эга бўлган индивидларнинг сақланиб қолиши орқали содир бўлади. Замонавий тасаввурларга қараганда, Тур ҳосил бўлиши дизруптив танланиш назорати остида боради; бунинг учун тур ичида кескин рақобат бўлиши шарт эмас. Тур ҳосил бўлишининг аллопатрик ва симпатрик йўллари бор. Аллопатрик Тур ҳосил бўлиши муайян тур популяцияларининг ҳудудий алоҳидаланиши билан боғлиқ. Тур ареалининг ҳар хил қисмида тарқалган популяциялар турли йўналишлардаги табиий танланиш таъсирига учрайди; географик изоляция эса бундай алоҳидаланган популяциялар ўртасидаги генетик информация алмашинувига тўсқинлик қилади. Астасекин бундай популяцияларда микроэволюция жараёнига олиб келувчи генетик дивергенция содир бўлади ва популяция индивидлари дастлабки тур индивидларидан аниқ фарқ қиладиган белгиларга эга бўлиб қолади. Агар бу белгилар аждод турнинг бошка популяциялари билан чатишмаслигига олиб келадиган бўлса, у ҳолда ҳосил бўлган форма янги турга айланади. Тур ўз ареалидан ташқарида тарқаладиган бўлса, янги ҳудудда ҳали табиий танланиш таъсирида мувозанат ҳолатига келмаган популяциянинг яшаб крлишига олиб келиши мумкин. Бундай популяция тасодифан танланган индивидлар йиғиндисидан иборат бўладиган янги шароитга мосланишга имкон берадиган табиий танланиш таъсирида генотипик жиҳатдан жуда тез қайта қурилиш («генетик революция»)га сабаб бўлиши мумкин. Кам сонли популяцияларнинг ҳудудий алоҳидаланишида микроэволюцион жараёнларда генлар дрейфи асосий аҳамиятга эга.

Симпатрик Тур ҳосил бўлиши популяцияда бирбиридан фарқ қиладиган бир неча формаларнинг бўлиши ва уларнинг битта умумий ҳудудда тарқалиши (полиморфизм) асосида содир бўлади. Полиплоидизация орқали ўсимликларда (баъзан ҳайвонларда) янги турлар пайдо бўлиши симпатрик Тур ҳосил бўлишининг ўзига хос усули ҳисобланади. Бунда вужудга келган янги турлар аввал бошдан отаона популяциядан генетик алоҳидаланган бўлади. Агар улар жинссиз кўпайиш ёки партеногенез хусусиятига эга бўлиб, аждод форма билан чатишмайдиган бўлса, янги тур сифатида сақланиб қолади.

Баъзан «Тур ҳосил бўлиши» терминидан кенг маънода бир турнинг астасекин иккинчи турга айланиши (турлар сонининг ошмасдан филетик Тур ҳосил бўлиши), шунингдек, дурагайлаш оркали янги тур ҳосил бўлиши (тўрсимон эволюция) жараёнларини тушунтиришда ҳам фойдаланилади. Тур ҳосил бўлишининг бир қанча муаммолари узилкесил ҳал этилмаган.

Loading...