ТУРДИ, Турдий (асл исми ва тахаллуси; форстожик шеърларидаги тахаллуси эса Фароғий) (17-а., Бухоро — тахм. 1699/1700, Хўжанд) — шоир. Бухоро мадрасаларида таълим олган. Абдулазизхон даврида саройнинг амалдорларидан, юз уруғининг кўзга кўринган сиёсий арбобларидан бўлган. Субҳонқулихон тахтга чиққач, саройдан узоқлаштирилган. Аштархонийларга қарши 1685—86 й. ларда кўтарилган халқ исёнида фаол иштирок этган. Исён бостирилгач, Т. Жиззах, сўнг Хўжандга бориб, муҳтожлик ва узлуксиз маънавий тушкунликда кун кечирган. Турди ўзбек ва форс тилларини яхши билган. «Дар мазаммати сипоҳигари» шеърида ўзининг асосий касбкори сипоҳийлик («ҳарбийлик») бўлганини, шу касби билан узоқ йиллар нималарнидир тамаъ қилиб, шоҳларга хизмат қилганини, лекин охироқибатда ҳеч нарсага эриша олмаганини афсус билан маълум қилган. Лекин қарбийлик билан бир қаторда Турди ўз замонасининг ўқимишли, Шарқ адабиётидан мукаммал хабардор, ҳаёт, жамият ҳақида кенг тушунчага эга кишиларидан бўлган. Унинг жамиятда тутган мавқеи эса ўз атрофида юз бераётган воқеаҳодисаларга фаол аралашишни тақозо этган.
Турдининг адабий мероси 18 шеърдан иборат бўлиб, улардан 12 таси ғазал, 5 таси мухаммас ва биттаси фард жанрига оид. 434 мисра ҳажмидаги бу мероснинг 165 мисраси Субҳонқулихон ҳақидаги машҳур ҳажвияни ташкил этган («Субҳонқулихон тўғрисида ҳажвия», 1691).
Турди ҳам ўз ижодини бошқа шоирлар каби анъанавий ишқ мавзуидан бошлаган. Унинг: Туркона хиром айлади ул шўхи дилоро, Дил мулкини бир гўшаи чашм айлади яғмо. матлаи билан бошланган ишқий ғазали лириканинг яхши намуналаридан ҳисобланади. Турдининг лирик ғазаллари бошқа шоирларникидан ўзининг ниҳоятда ихчамлиги, яъни 3—4—5 байтдан иборатлиги билан ажралиб туради. Унинг тасаввуфий шеърлари ҳам ғоят гўзал ва фалсафий теран мазмунга бой («…Ибрат ила боқ, кўзунг туфроққа тўлмасдан бурун»).
Турди ғазалларининг аксарияти ҳали ҳеч ким қаламга олмаган, ўткир ижтимоийсиёсий ва фалсафийахлоқий мавзуларга бағишланган. Айниқса, шоирнинг: Top кўнгуллик беклар, манман деманг, кенглик қилинг, Тўқсон икки бўли ўзбек юртидур, тенглик қилинг… матлаи билан бошланадиган ғазалида юргни бошқараётган бекларга мурожаат қилиб, уларни кенг феълли, ўзаро иттифоқ бўлишга, бир-бирини уруғчилик белгиларига қараб камситмасликка чақириш унинг ўз давридаги юксак фикрли, ватанпарвар ва ҳақиқий инсонпарвар киши бўлганлигидан далолат беради.
Субҳонқулихон тўғрисидаги ҳажвий мухаммаси Турдининг шоҳ. асари хисобланади. Асарда Субҳонқулихон давлат тепасига келгач, мамлакатда аҳвол ёмон томонга ўзгарганлиги, осойишталик ўрнини тартибсизлик, адлу карам ўрнини ўзаро нифоқ эгаллагани ўз аксини топган. Шоҳнинг айби шундаки, у тахтга ўтириши биланоқ тажрибали, ишбилармон мулозимларни қувиб, уларнинг ўрнига ўз атрофида давлатни бошқариш ишидан бутунлай хабарсиз, фикрмулоҳазалари саёз, ахлоқан тубан кишиларни йиғади. Турди бу асарида Субҳонқулихон қиёфасида жоҳил шоҳ тимсолини яратади. Ушбу ҳажвий асари билан Турди ўзбек ҳажвиётини Алишер Навоийдан кейин янги бир босқичга кўтарган.
Турди ижоди ҳаётий фактларга, теран мулоҳазаларга бойлиги ва услубининг реалистик характери билан ўзбек адабиёти ривожига самарали таъсир қилган. Махмур, Гулханий каби сатирик шоирлар ижодининг шаклланишида муҳим босқич бўлган. А. Мажидий томонидан топилган ва 1924—25 й. ларда нашр этилган шеърлар қўлёзмаси Абу Райхрн Беруний номидаги Ўзбекистон ФА Шарқшунослик инти фондида сакланади (инв. № 1407).
Ас.:Танлангана асарлар [2нашр],Т., 1960; Шеърлар, Турди, 1971; Избр. произведения, Турди, 1951.
Ад.: Ёқубов Ҳ., Турди ижодиёти, Турди, 1941,Абдуллаев В., Ўзбек адабиёти тарихи [2китоб|, Т., 1967; Антология узбекской поэзии, М., 1950; Маънавият юлдузлари, Турди, 2001.
Абдуқодир Ҳайитметов.