ТУРҒУНБОЕВА

ТУРҒУНБОЕВА Мукаррам (1913. 31. 5, Фарғона — 1978.26.11, Тошкент) — раққоса, балетмейстер, ўзбек оммавий саҳна рақсининг асосчиси. Ўзбекистон халқ артисти (1937). Фарғона пед. билим юртида ўқиб, ҳаваскорлик тўгарагида қатнашган. 1928 й. конкурс асосида этнографик ансамблга қабул қилинган. 1929 й. М. Қориёқубов ёрдамида Самарканд давлат мусиқали театрининг ёрдамчи гуруҳига ишга кирган. 1929—33 й. ларда театр актрисаси, ҳам театр қошида ташкил этилган студия тингловчиси сифатида фаолият кўрсатиб, халқ рақси, мумтоз рақс, ашула, актёр ижрочилиги асосларини ўрганган. Осиё, Зебо (У. Ҳожибеков, «Аршин мол олон»), Ойниса, Холжон хола (Ғ. Зафарий, «Ҳалима»), Асалхон (К. Яшин, «Ичкарида») каби роллари билан актёрлик маҳоратини намойиш этган. Бироқ Турғунбоевани мусиқали драмаларда кўпроқ рақслар қизиқтирган. Уста Олим Комилов ва Тамарахонимнинг махсус рақс машғулотларида қатнашиб, миллий рақс асосларини ҳамда «Дучава», «Катта ўйин», «Усмония», «Садр», «Уфори сохта» номли умумий рақсларни, «Дилхирож» якка рақсини ўзлаштириб олиб, ижро эта бошлайди. Кўпгина спектакллар («Ўтдан парчалар», «Кимга», «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» ва б.)нинг рақсларини ижро этади. 1935 й. «Пахта» балетини саҳналаштирди (Уста Олим ва К. Бек билан ҳамкорликда). 1935 й. дан ўзи мустақил рақслар ярата бошлайди. Бу иш «Гулсара» (К. Яшин; Т. Жалилов, Н. Миронов) мусиқали драмасидан бошланган. 1937 й. Уста Олим Комилов билан бирга «Гулсара» (К. Яшин; Т. Жалилов, Т. Содиқов, Р. Глиэр), «Фарҳод ва Ширин» (Хуршид; В. Успенский, Г. Мушель, С. Цвейфель) спектаклларига рақслар саҳналаштиради. 1937 й. Москвада бўлиб ўтган ўзбек санъати декадасида қатнашиб, раққоса ва балетмейстер сифатида юқори баҳо олади. 1939 й. дан Навоий номидаги опера ва балет театрида ишлайди. Балет бўйича А. Томский, И. Арбатов, В. Губская, П. Йоркинлардан таълим олади. «Шоҳида» (Ф. Таль) балетини саҳналаштириб, ўзи бош ролни ижро этади. Гуландом (Е. Брусиловский, «Гуландом»), Оқбилак (С. Василенко, «Оқбилак»), Зарема (Б. Асафьев, «Бокчасарой фаввораси»), ҳинд вакиласи (Г. Мушель, «Балерина») каби образларни яратишда Турғунбоева европа балети усулларидан (оёқ учида юриш ва б.) ижодий фойдаланди. Бир қатор операларда балетмейстерлик қилди. 2-жаҳон уруши йилларида концерт бригадалари билан Закавказье фронтларида бўлди. Якка ва умумий рақслар яратди: «Уйғурча рақс», «Жонон», «Роҳат», «Раққоса», «Танавор», «Ноғора», «Бухороча», «Гулсара» ва б. 1947 й. Уста Олим билан Тамарахонимнинг «Дойра дарси»ни кайта тиклайди. «Дилбар», «Андижон полкаси», «Пилла» рақсларини яратади. «Тохир ва Зухра» (С. Абдулла; Т. Жалилов, Б. Бровкин), «Гулсара» (К. Яшин; Р. Глиэр, Турғунбоева Содиқов) операларига балетмейстерлик қилади. 1951, 1959 й. ларда Москвада бўлиб ўтган ўзбек адабиёти ва санъати декадасида қатнашган. П. Йоркин билан биргаликда «Озода чеҳра» балетини саҳналаштиради.

Турғунбоева 50-й. ларнинг бошларига келиб, Ўзбекистоннинг энг машҳур раққосаси ва етакчи балетмейстери даражасига кўтарилади. Якка рақсларнинг моҳир ижрочиси, оммавий ўзбек рақсларининг ижодкори сифатида танилади. Уйғур, тожик, ҳинд, афғон, мўғул, корейс халқлари рақслари асосида ўзига хос саҳнавий рақслар саҳналаштиради. Рақс санъатида эришган ютуқларини Хитой, Корея, Албания, Италия, Австрия, Афғонистон, Ҳиндистон, Комбоджа, Таиланд мамлакатларида намойиш этади. Айниқса, Турғунбоева тайёрлаган дастур, Қ. Миркаримова («Пилла»), Ф. Кайдани («Гулсара»), Т. Юнусова («Баҳор») рақслари ҳамда Турғунбоева ижросидаги «Танавор», «Жонон», «Андижон полкаси» чет эл томошабинларида чуқур таассурот қолдиради.

1955 й. Т. ўзи педагоглик қилган Тошкент хореография билим юрти қизларидан 12 тасини ажратиб олиб, раскоса қизлар гуруҳини ташкил қилади. 1957 й. шу гуруҳ асосида «Баҳор» ансамблини тузади. Т. Навоий театрида балетмейстерлик қилиш билан бирга «Баҳор» ансамблида бадиий раҳбар, бош балетмейстер вазифаларида фаолият кўрсатади.

Айниқса, «Баҳор» ансамблининг шаклланишида хизматлари беқиёсдир. Ансамбль учун 15 та концерт дастурини тузди; «Баҳор», «Уфори санам», «Қўғирчоқ», «Фарғона рубойиси», «Ўйнасин», «Муножот», «Ўзбек вальси», «Гулноз», «Айланма», «Бешқарсак», «Ғайратли қиз», «Етти гўзал», «Тошкент пиёласи», «Шабадалар», «Эй, шўх жонон», «Алёр», «Қари наво», «Баёт», «Занг», «Шўх қиз», «Хоразмча», «Пахта», «Катта ўйин», «Учрашув», «Лазги», «Дилдор», «Жонон», «Дилбар» каби умумий, яккахон ва дуэт рақслар яратди. 1957 й. ансамбль Жаҳон ёшлари ва студентлари фестивалининг олтин медалини олишга муваффақ бўлди. 1960 й. «Баҳор»га Давлат ансамбли мақоми берилиши муносабати билан Турғунбоева ансамблни иқтидорли ёш раққосалар билан мустаҳкамлаб бориш, уларнинг маҳоратини ошириш, янги рақс ва рақс дастурларини яратиш, бадиий савияни ҳамиша баланд ушлаб туриш, гастроль сафарларини юқори даражада ўтказиш, шу мақсадда ўзбек рақс меросини ўрганиш, жаҳон халклари рақсларини саҳналаштириш масалалари билан умрининг охиригача шуғулланиб келди. Ансамбль билан Германия, Швеция, Венгрия, Чехословакия, Польша, Миср каби мамлакатларда гастролда бўлган. 1947 й. дан Тошкент миллий раке ва хореография билим юртида педагоглик қилган. «Ўзбекрақс» миллий раке бирлашмасига, Тошкент кўчаларидан бирига Турғунбоева номи берилган. Турғунбоева ҳаёти ва ижодига бағишланган «Салом, Баҳор» (1962), «Санъатга бағишланган умр» (1971), «Мукаррама опа ва қирқ гўзал» (1977) фильмлари ишланган. 1993 й. 10 сент. да Турғунбоева музейи очилди. Музей Турғунбоеванинг ижодий мероси ва фаолиятини саклаш ва тарғиб қилиш билан шуғулланади. 1993 й. дан Турғунбоева номидаги ёш ижрочираққосалар танлови ўтказилмоқда. Давлат мукофоти (1946, 1951, 1973) ва Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1976) лауреати. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2001).

Ад.: Майя Меркель, Мукаррама опа и сорок красавец, Москва, 1980; Авдеева Л. А., Балет Узбекистана, Турғунбоева, 1973; Танец Мукаррамў Тургунбаевой, Турғунбоева, 1989.

Муҳсин Қодиров.