ТУРИН

ТУРИН — Италиянинг шим. қисмидаги шаҳар, По дарёси бўйида. Пьемонт вилояти ва Турин провинциясининг маъмурий маркази. Аҳолиси 857,4 минг киши (2000). Транспорт йўлларининг йирик тугуни. Мамлакатнинг муҳим саноат ва маданий маркази. Саноатида «ФИАТ» концерни етакчи ўринда. Мамлакатда ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг 90%, тракторлар, самолёт, авиамотор, т. й. ва электротехника жиҳозлари ишлаб чиқарилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги. машиналари, аниқ механика ва оптика, радиоэлектроника, ҳарбий саноатлар ривожланган. Қора ва рангли металлургия, кимё, резина, фармацевтика, полиграфия, тўқимачилик, тикувчилик, озиқ-овқат саноати корхоналари ишлаб турибди. Унт (15-а.), санъат, археология ва б. музейлар, картиналар галереяси, Халқаро автомобиль ва техника салонлари бор. Т. —Италияда модали кийимлар тикиш маркази.

Шаҳарга мил. ав. 29—28 й. ларда римликларнинг ҳарбий истеҳкоми сифатида қишлоқ ўрнида асос солинган. 1720— 1860 й. ларда Сардиния қироллиги, 1860—65 й. ларда Италия қироллиги пойтахти. Туринда антик давр, ўрта асрларга оид ва Уйгониш даври меъморий ёдгорликлари сақланган.

Loading...