ТУРКИСТОН АРХЕОЛОГИЯ ҲАВАСКОРЛАРИ ТЎГАРАГИ — Туркистон ўлкашунослари томонидан тузилган илмийжамоатчилик ташкилоти. 1895 й. Тошкент ш. да ташкил этилган. Асосий вазифаси ўлкадаги қад. ёдгорлиютар, шарқ қўлёзмалари, нумизматика ва этн. га оид материалларни қайд қилиш ва ҳисобга олишдан иборат бўлган. Тўгарак аъзолари, шунингдек, қад. шаҳар харобаларини текшириб, дастлабки археологик қазиш ишларини олиб борганлар. Туркистон ўлкасининг тарихи ва маъмурий тузуми бўйича ўрта аср шарқ қўлёзма манбалари, халқ афсоналари, мақоллари, маталлари, урфодат, фольклорга оид материалларни тўплаган. Шу билан бирга тўгарак аъзолари халқимизнинг нодир қўлёзма ва маданият бойликларини Россияга жўнатишга ҳам кўмаклашганлар. В. В. Бартольд тўгарак асосчиларидан бўлиб, унинг фаолларидан ҳисобланган. Тўгарак аъзолари қаторида, шунингдек, М. С. Андреев, А. А. Диваев, Н. С. Ликошин, Н. Г. Маллицкий, Н. П. Остроумов, А. А. Семёнов ва б. бор. Тўгарак 1917 й. тарқалиб кетган.