ТУРКИСТОН САРОЙИ

«ТУРКИСТОН» САРОЙИ — Тошкентдаги Мустақиллик майдони шим. да Анҳор бўйидаги концерт зали биноси. Дастлаб «Туркистон» киноконцерт зали деб номланган (1992, меъморлари Ю. Халдеев ва Ф. Турсунов), кейинчалик ёзги театр саҳнаси (1993, меъмори В. Акопжанян) да халқ анъанавий байрамлари, театрлаштирилган томошалар ўтказилиши муносабати билан ҳоз. номи билан юритила бошлаган.

Бино олдидаги кенг саҳнли майдонча кўкаламзорлаштирилган. 3 поғонали, мармар билан крпланган фавворалар ишланган ҳамда ҳумо қуши тасвири туширилган (рассом Б. Жалолов эскизи) ёдгорлик ўрнатилган. «Туркистон саройи»с. га зинапоялар орқали кўтарилади. Бош тарзи муқарнас безакли. Бинонинг пастки қаватида касса, техник хизмат хоналари жойлашган. Вестибюлга кираверишда Туркистоннинг тарихий шаҳарлари панорамаси ҳаво рангда, баъзи қисмлари сариқ рангда акс эттирилган. Йирикйирик қилиб тахланган қизил мармар тош сирли сопол идишлар, ўсимликлар билан уйғунлаштирилган ҳолда фойенинг чап қанотида дам олиш бурчаги ташкил қилинган. 2кават вестибюль ён ойнасидан Б. Жалоловнинг «Умар Хайём тушлари» асари ўрин олган. Томоша зали муқарнаслар, ганчкори безаклар, тухумсимон гумбаз ва кундал нақшлар билан пардозланган.

Ёзги театр (3200 ўринли) қад. театр майдонига хос услубда қурилган. Марказий арена қурилмаси кия тиргак ва чамбарак тож шаклида бўлиб, дорбоз ва курашчиларнинг чиқишлари учун, замонавий томоша ва концертлар учун мослаштирилган. Йирик ўлчамли ёруғлик техникаси ва акустик жиҳозлар, махсус меъморий қурилмалар билан жиҳозланган. 200 ўринли қаҳвахонаси бор.