ТУРКИСТОН — Марказий Осиёнинг ўрта аср тарихийгеографик адабиётларда учрайдиган номи. Манбаларда Турон ва Туркистон атамалари ўрнида қайд этилган. 639 й. Турфонда тузилган суғд ҳужжатида Ўрта Осиё минтақасининг номи сифатида ишлатилган. «Туркистон» атамаси «Ўрта Осиё» ва «Мовароуннаҳр» номларидан фарқли равишда нафақат географик, балки этногеографик тушунчани англатиб, шунингдек, сиёсийҳуқуқий аҳамиятга ҳам эга бўлган. Араблар истилосидан сўнг «Туркистон» топоними ўзининг сиёсийҳуқуқий маъносини йўқотмаган. Унинг сиёсий сарҳадлари Узок, шим. ва шарққа, Араб халифалиги, Қарлуқ ва Уйғур хоқонликлари билан чегарадош бўлган ерларгача ёйилган. Айни мана шу давлатлар эндиликда Туркистон номи билан араб тарихчигеографлари асарларида (8—10а. лар) қайд этилган. Марказий Осиёнинг марказий ва жан. вилоятлари (Амударё ва Сирдарё оралиғи) Мовароуннаҳр деб атала бошлаган.
Қорахонийлар давлати барпо этилиши билан «Туркистон» топонимининг аҳамияти яна қайта ўзининг собиқ ҳудудлари доирасида деярли тикланади, унинг жан. сарҳадлари Амударё билан белгиланади. «Мовароуннаҳр» атамаси эса, Туркистоннинг бир қисми сифатида, яъни К,орахонийлар, сўнгра Хоразмшоҳлар, Чиғатоийлар, Темурийлар ва Шайбонийлар давлатининг бир қисми сифатида қарала бошлаган. Маҳмуд ибн Валннинг ёзишича, «Туркистон — бу кенг ва кўнгилли юртдир.., бу юртнинг узунлиги Сайҳун дарёсининг қирғоғидан Қорамурун дарёси қирғоғигача бўлиб, бу ерни Мўғулистон номи билан атаганлар». Муаллиф Т. нинг яна бир номи — бу Турон ва унинг аҳолиси турклар деб ёзади. Шу даврдаги Мўғулистон Шарқий Туркистон, Еттисув ва Олтойни қамраб олган. 19-а. ўрталарида Туркистон худуди (3 млн. кв. км дан ортиқ) ғарбда Урал тоғлари этаги ва Каспий денгизи, шаркда Олтой тоғлари ва Хитой, жан. да Эрон ва Афғонистон, шим. да Томск ва Тобольск губернялари билан чегарадош бўлган. Туркистон шартли равишда Ғарбий (Қозоғистоннинг жан. қисми, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ҳудудлари), Шарқий (СиньцзянУйғур мухтор райони) ва Афғон Туркистони (Афғонистоннинг шим. қисми)га бўлинган. Россия империяси босиб олган Ғарбий Туркистон ҳудудида 1867 й. Туркистон генералгубернаторлиги ташкил қилинган. 1886 й. дан расман Туркистон ўлкаси деб атала бошлаган. Октябрь тўнтаришидан сўнг, 1918 й. апр. да Ғарбий Туркистон ҳудудида Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси (ТуркАССР) тузилган. Шўро ҳокимияти ягона ва мустақил Туркистонни қайта тиклаш ғояси туғилишидан хавфсираб 1924—25 й. ларда шошилинч суратда «Туркистон халқларининг миллийдавлат чегараланиши» деб аталмиш тадбирни ўтказган. Натижада, угла пайтда сиёсий аҳамият касб этган «Туркистон» атамаси сунъий равишда истеъмолдан чиқарилиб, ўрнига расман «Ўрта Осиё» географик термини жорий қилинган.
Ад: Бартольд В. В., История Туркестана, Сочинения, Туркистон 11(1), М., 1963; Сагдуллаев А. С., Қадимги Ўзбекистон илк ёзма манбаларда, Туркистон, 1996.
Шамсиддин Камолиддинов.