ТУРЛАНИШ (тилшуносликда) — отнинг, аксарият олмошларнинг ҳамда ҳаракат номи ва отлашган сифатдошларнинг келишик шакллари билан ўзгариши: китоб — китобнинг — китобни — китобга — китобда — китобдан каби. Турланиш кенг маънода отлардаги сўз ўзгаришини билдиради. Шу маънода отларнинг эгалик аффикслари олиб ўзгаришини қам Турланиш дейиш мумкин. Турланиш қоидалари эса флектив ва агглютинатив тиллар морфологиясининг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Турланиш тизими турли тилларда бир хил эмас (келишиклар, турланиш типлари миқдорининг ҳар хиллиги ва б.) ҳамда тилларнинг тарихий тараққиёти жараёнида ўзгариб туради.
Отнинг Турланиши маъно талаби асосида юз беради, чунки от келишик шаклида қўлланиб, гапда бошқа сўзлар билан грамматик алоқага киришади, маълум синтактик вазифани бажаради. Mac: Мусиқа дунёни ҳам, кўнгилларни ҳам сехрга, тотли туйғуларга тўлдиради.
Ўзбек тилида ҳар бир келишик бир неча маънони ифодалайди, шунга кўра, маълум бир келишикдаги сўз гапда ҳар хил гап бўлаги вазифасида келади. Лекин келишик маъноларидан бири асосий бўлиб, келишик шу асосий маънога кўра номланади. Келишиклар бўйича Турланиш, асосан, отнинг феъл билан, отнинг от билан грамматик алоқасини кўрсатади.
Илҳом Мадраҳимов.