ТУШУНЧА — нарса ва ҳодисаларнинг муҳим хусусиятлари, алоқалари ва муносабатларини акс эттирувчи тафаккур шакли. Тушунча билиш маҳсулидир, бу билиш оддийдан мураккабга кўтарила бориб, эски Тушунчаларни мукаммаллаштиради, аниклаштиради ва янгиларини шакллантиради. Тушунчанинг асосий мантиқий вазифаси бирон нарсани бошқа нарсадан фикран ажратишдан иборат. Предметларнинг туркумларини ажратиш ва бу предметларни Тушунчада умумлаштириш табиат крнунларини билишнинг зарур шартидир. Ҳар бир фан муайян Тушунчалар билан иш кўради, уларда билимлар жамланади. Тушунча ҳиссий билиш шаклларидан фарқ қилиб, инсон миясида тўғридантўғри акс этмайди. У таққослаш, анализ, синтез, абстракциялаш, умумлаштириш каби мантиқий усуллардан фойдаланган ҳолда ҳосил қилинади. Тушунчанинг шаклланиши сўз билан боғлиқ. Улар ўртасидаги узвий алоқадорлик тафаккур ва тил ўртасидаги боғланишнинг аниқ тарзда намоён бўлишидир. Тушунчалар сўз ва сўз бирикмалари ёрдамида ифода қилинади. Ҳар қандай Тушунча — абстракциядан иборатдир, бу ҳол Т. да воқеликдан узоклашгандек туюлсада, ҳақиқатда эса Тушунча ёрдамида воқеликнинг муҳим томонларини ажратиб, тадқиқ қилиш йўли билан чуқурроқ билиб олинади. Тушунча ларнинг ўзаро алоқадорлиги ва бир-бирига ўтиб туриши диалектик мантиқнинг Т. ҳақидаги қоидасининг муҳим томонларидан биридир.