ТУХУМДОН

ТУХУМДОНодам ва ҳайвонлардаги урғочилик жинсий бези. Тухумдонда тухумҳужайра ҳосил бўлади ва етилади (фақат булутлар ва тубан ковакичлиларда Тухумдон алохида орган сифатида шаклланмаган). Умуртқали ҳайвонларда Тухумдон ички секреция бези сифатида гормон (фолликулин ва б.) ҳам ишлаб чиқаради. Тухумдон эмбрион ҳужайра пайлари ўсган бириктирувчи тўқимали асосдан иборат; бу пайлар думалоқ фолликулаларга (ичида фақат битта тухумҳужайра ривожланади) ва бир катор соматик ёки фолликуляр хужайраларга (тараққий этаётган тухумҳужайра атрофида жойлашган) ажралади. Етилган фолликулалар Т. сиртига силжийди ва тухум Т. девори ёриқларидан тана бўшлиғига тушади. Сут эмизувчиларда ёрилган фолликулалар ўрнида сариқ тана ривожланади.

Одам тухумдони овалсимон шаклда; бачадоннинг икки ёнида, кичик чанокда жойлашган; унинг кенг бойламларига (бачадон найидан пастроққа) бириккан.

Аёлларнинг ёшига ва организмнинг умумий функционал ҳолатига қараб Тухумдоннинг жинсий фаолияти турлича бўлади (яна қ. Жинсий аъзолар).