ЦЕНОГЕНЕЗ

ЦЕНОГЕНЕЗ (юн. kainos — янги ва …генез) — организмнинг эмбрионал ёки личинка ривожланишининг ўзига хос шароитларига мослашуви. Ценогенезга амнион, хорион, аллантоис, сариқлик халтаси, йўлдош ва б. провизор (вақтинчалик) муртак органлар, эмбрионал ривожланиш тезлиги, эмбрион варақлари ҳосил бўлиши ва жойининг ўзгариши мисол бўлади, «Ц» терминини немис олими Э. Геккел ўзининг биогенетик қонун концепциясида таклиф этган (1866). Дастлаб Ценогенез онтогенездаги ҳар қандай ўзгаришларга нисбатан ишлатилган. Ценогенезнинг А. Н. Северцов ишлаб чиққан филэмбриогенез назариясида (1912) Ценогенезга фақат эмбриологик ва личинкалик мосланиш тарзида қаралади.

Loading...