ЦЕНЗУРА

ЦЕНЗУРА (лот. censura — жиддий муҳокама, шафқатсиз танқид) — босмадан чиқадиган маҳсулотлар, уларнинг чоп этилиши, тарқатилиши устидан, шунингдек, саҳна асарлари, радио-эшиттиришлар ва телевизион кўрсатувлар, баъзида эса шахсий ёзишмаларнинг мазмуни ва ижроси устидан расмий ҳокимият органларининг назорат ўрнатиши. Илк бор Ц. 15-а. да Ғарбий Европада пайдо бўлган ва черков маъмурлари томонидан илоҳий ва б. диний қўлёзма китобларга нисбатан қўлланган. Черков Цензураси расмий черков ақидасига зид келадиган қўлёзмаларни, бидъатчилар китобларини мутлақо тақиқлаган. Европада матбаачиликнинг ўсиши билан Цензура тизими ҳам ривожланди. 1471 й. дан диний мазмундаги китоблар фақат черков маъмуриятининг рухсати билан нашр этиладиган бўлди. 16-а. дан Цензура диний ҳокимиятдан аста-секин дунёвий ҳокимиятга ҳам ўта бошлади: босмахоналари бўлган барча Ғарбий Европа мамлакатларида Цензура тартиби ўрнатилди. Цензура органлари тармоғи кенгайиб борди, Цензура қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Буюк француз инқилоби ва б. инқилоблар фуқароларга ўз фикрини эркин ифодалаш ҳуқуқи берилишини ва Цензуранинг бекор этилишини эълон қилди. Бироқ кўпгина мамлакатларда матбуотда чеклашлар давом этаверди. Россияда чоризмнинг қаттиқ Цензура тартиби туфайли кўпгина газ. ва жур. лар ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Туркистонда ҳам Россия подшосининг Цензура органлари ишлаган. Цензура айғоқчилари бу ерда ҳар бир матбуот органидан кўз-қулоқ бўлиб турган, ўзи учун номақбул ҳисобланган чиқишларни тақиқлаган. Собиқ шўролар даврида эса 1922 й. дан Матбуотда давлат сирларини сақлаш Бош бошқармаси (Главлит) ва унинг республикалардаги бошқармалари томонидан Цензура амалга ошириб келинган.

Ҳоз. замон Конституцияларининг аксариятида сўз ва ахборот эркинлиги эътироф этилиб, Цензура тўғридан-тўғри тақиқланса-да, дунёнинг барча мамлакатларида баъзи ҳолларда, жумладан, фавқулодда ҳолат эълон қилинган вақгда зиён етказувчи ёки номаъқул деб ҳисобланган ғоялар ва маълумотлар тарқатилишини олдини олиш чоралари кўрилиб, Цензурани жорий этишга йўл қўйилади.

Ўз вазифаларига кўра, Цензура бевосита ва билвосита бўлиши мумкин. Бевосита Цензура ахборот манбаларига, уларни тарқатувчи воситаларга давлат томонидан махсус, очиқдан-очиқ қатъий назорат ўрнатади. Цензурани амалга оширадиган ташкилий-маъмурий тизим яратилади ва у бевосита оммавий ахборот воситалари ва б. маълумот ташувчилар фаолияти билан шуғулланади. Бундай идора ваколатлари давлат сирларини ошкор этмасликни назорат қилиш билан асослантирилади, урушни тарғиб қилиш, порнография тарқатиш, миллатлараро ва динлараро низоларни келтириб чиқариш кабиларни тақиқлайди ёки ҳукмрон тартибни бирор-бир тарзда танқид қилишга йўл қўймаслик учун барча мавжуд ахборотни қамраб олади. Бундай Цензура замонавий давлатларнинг кўпчилигида Конституция томонидан тақиқланади. Билвосита Цензура жаҳоннинг барча давлатларида мавжуд. У ахборот яратувчиларга турли (энг аввало, иқтисодий воситалар орқали) таъсир кўрсатишда ўз ифодасини топади. Билвосита Цензуранинг турларидан бири ўзини ўзи Цензура қилишдир, яъни ахборот яратувчининг ўзи назорат қилади.

Цензурани амалга ошириш усулига кўра, дастлабки ва кейинги Цензурага бўлиш мумкин. Дастлабки Цензура китоб чиқариш, саҳна асарлари қўйиш ва ш. к. да рухсат олиш заруратини назарда тутади.

Кейинги Цензура эса эълон қилинган нашрларни баҳолашдан иборат бўлиб, ушбу талабларни бузган шахсларга нисбатан ман этувчи ва чекловчи чораларни назарда тутади.

Ўзбекистан Республикаси Конституциясининг 67-моддасига мувофиқ, Цензурага йўл қўйилмайди. Ахборот олиш ва тарқатиш кафолатларига оид «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида» (2002 й. 12 дек.), «Ахборотлаштириш тўғрисида» (янги таҳрирда, 2003 й. 11 дек.), «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» (1997 й. 25 дек.), «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида» (1997 й. 24 апр.)ги қонунлар қабул қилинган. Нарзулла Жўраев, Акмал Саидов.

Prev Article

ЦЕМЕНТ

Next Article

ЦЕНТРИОЛЬ