ЦЕОЛИТЛАР

ЦЕОЛИТЛАР (юн. zeo — қайнаяпман ва lithos — тош) — минераллар гуруҳи, ишқор сувли алюмосиликатлар. Структура ва морфологик хусусиятларига кўра, Цеолитлар қуйидаги минерал гуруҳларига ажратилади: натролит гуруҳи — мезолит, сколецит, томсонит, гоннардит, эдингтонит, маунтинит, род-зит ва б. ; гейландит гуруҳи — стильбит, эпистильбит, дикиардит, брюстерит, феррьерит, клиноптилолит ва б. Ц. табиатда соф ҳолда учрайди ҳамда сунъий йўл билан ҳам олинади. Табиий Цеолитлар 40 дан зиёд минерал туридан иборат бўлиб, улардан асосийлари, анальцим, ломонтит, фил-липсит, натролит, морденит, гейландит, клиноптилолит, шабазит, эрионит, фожазитлардир. Соф Цеолитлар оқ, баъзан рангсиз ва шаффоф, қизғиш, жигарранг ва яшил туслилари мавжуд. Қаттиқлиги 3—5, зичлиги 2—2,3 г/см3. Ц. асосан, эффузив тоғ жинслари орасидаги бўшлиқиарда ва гидротермал жараённинг охирги босқичларида пайдо бўлади. Чўкинди тоғ жинслари орасида аутиген кўп учрайди. Цеолитлар нефть углеводородларини ажратиш ва тозалашда, катализатор сифатида ҳамда газни тозалаш, қуритиш ва газларни (шу жумладан, ҳавони) ажратишда, фреонларни қуритишда, радиоактив элементларни чиқариб олишда, кучли вакуумларни ҳосил қилишда ишлатилади. Цеолитлар конлари РФ (Воронеж), Арманистон ва Грузияда мавжуд. Ўзбекистонда гилмоялар ва опокасимон гиллар орасида учрайди.

Loading...