ЦЕРЕЗИН

ЦЕРЕЗИН (лот. cera — мум) — юқори молекулали қаттиқ ациклик ва циклик тўйинган углеводородлар аралашмаси. Оқ рангдан жигарранггача; мумга ўхшайди. Табиий Церезин 57—80° да, синтетик Церезин эса 90—100° да суюқланади. Озокерит, нефтни қайта ишлаш маҳсулотларидан ҳамда углерод оксид билан водороддан синтез қилиб олинади. Консистент суркамалар тайёрлашда, электр изоляция материали сифатида асбоб ва ускуналарни занглашдан сақлашда, қоғоз ва газламаларга шимдиришда ва тиббиётда қўлланади.

Loading...