ЦЕЦЕ ПАШШАСИ

ЦЕЦЕ ПАШШАСИ (Glossina) – калта мўйловли икки қанотли ҳашаротлар уруғи. Уз. 9—14 мм. Жағ пайпаслагичлари узун ва кенг, санчиб сўрувчи хартуми узун. 20 га яқин тури тропик ва субтропик Африканинг нам ўрмонларида тарқалган. Тирик туғади. Туғилган қуртлари дарров ғумбакка айланади. Бир қанча турлари оғир касаллик қўзғатувчи трипаносомаларни юқтиради. Цеце пашшасининг 3 тури оғир уйқу касаллиги трипаносомасини (касалликдан ҳар йили минглаб кишилар ҳалок бўлади), бошқа икки тури уй ҳайвонларида касаллик туғдирадиган трипаносомаларни юқтиради. Цеце пашшасига қарши ҳар хил пестицидлар ёрдамида олиб борилган кураш чоралари унчалик самара бермади, лекин флора ва фаунага катта зиён етказди.

Loading...