ЦИКАДАЛАР

ЦИКАДАЛАР, жизилдоқлар, саратонлар (Cicadinea) — тенгқанотлилар туркумига мансуб ҳашаротларнинг кенжа туркуми. 17 минг тури маълум. Цикадалар жуда серҳаракат ҳашарот. Танасининг уз. 25—50 мм. Боши кўкрак қисмига ҳаракатсиз бириккан. Мураккаб кўзларидан бошқа яна 2—3 та оддий кўзи ҳам бор. Қанотлари бир-бирига бинонинг стропил томисимон тахланиб ёпилади, олдинги жуфт қанотлари орқа қанотларга нисбатан қалинроқ. Мўйлови ва панжаси уч бўғимли. Личинкалик даври 5 ёшдан иборат; тупроқда яшаб, ўсимлик илдизлари билан озиқланади. Кўпчилик турлари бир йидда 1—2 авлод беради. Ривожланиш цикли 4 й. (ғўза Ц,), баъзилариники 17 й. (куйловчи Цикадалар) давом этади. Дарахт, бута ва б. ўсимликларга барг ширасини сўриб зарар келтиради. Айрим турлари ўсимлик поясига тухум қўйиш даврида унинг ўтказувчи найларини шикастлайди. Натижада ўсимликнинг айрим қисмлари нобуд бўлади. Цикадаларнинг кўп турлари ҳар хил вирусли касалликларни тарқатиши мумкин. 10 дан ортиқ тури ғўзага зарар етказади. Айниқса, сариқ жизилдоқ ва б. хавфли.

Кураш чоралари: зараркунанда яшайдиган жой (янтоқзор, қизилмия чакалаклари)ни йўқ қилиш, экинларга инсектицидлар билан ишлов бериш. Ад.: Насекомые Узбекистана, Т., 1993.

Loading...