У — ўзбек Кирилл алифбосининг йигирма биринчи ҳарфи; нутқ товушлари тизимида лаблашган, тор, тил орқа унлини, шунингдек, алоҳида сўзни — кишилик ёки кўрсатиш олмоши ҳисобланган У сўзини ифодалайди. Ушбу ҳарф ифодалаган фонема расмий ёзма адабий тилда тил орқа фонемаси деб қабул қилинган бўлсада, оғзаки нутқда ҳамда ўзбек тилининг қипчоқ ва б. бир қанча шеваларида унинг 2 варианти: тор, тил олди, лаблашган У товуши билан тор, тил орқа, лаблашган У товуши мустақил фонемалар сифатида қўлланади (гул — машғул, кул — қул сўзларидаги У товушини қиёсланг) ва баъзан маъно фарқлаш учун хизмат қилади: тут (ушлаб ол) — тут (мева), ун (товуш) — ун (янчилган ғалла). Бу ҳарф сўз бошида (ун, узум, улфат) ва сўз ўртасида (уруғ, уруш, ёзувчи) фаолроқ қўлланади, бироқ сўз охирида камроқ учрайди (орзу, какку). Туркий халқлар, шу жумладан, ўзбек халқи учун умумий бўлган ёзувларда У ҳарфи ўзига хос шаклларга эга бўлган. Улар қуйидаги жадвалда келтирилди.
У — Қад. Хитойда Хань сулоласи парчаланиши натижасида вужудга келган Саньго (Уч подшолик) даври шоҳликларидан бири (222—280). Хитойнинг жан. ва жан.-шарқий ҳудудларини (Янцзи дарёсининг ўрта ва қуйи оқими ва ундан жан. даги ерлар) қамраган. Пойтахти — Цзанье ш. (ҳоз. Нанкин). У га Хань салтанати саркардаси Сунь Цюан асос солган. Вэй ва Шу подшоликлари б-н узок, муддат урушлар олиб борган. Юэ қабилаларини мустамлака қилиш мақсадида уларга қарши босқинчилик юришлари уюштирган. 280 й. Ғарбий Цзинь империяси таркибига кирган.