УАЙЛЬД, Уайлд (Wilde) Оскар (1854. 16.10, Дублин 1900.30.11, Париж) — инглиз ёзувчиси, танқидчи. Ҳашамдор шеърлари билан француз символистларига яқин туради. 1882 й. да АҚШ шаҳарлари бўйлаб саёҳатда бўлиб, эстетика бўйича маърузалар ўқиган. Бу даврда ва кейинроқ яратилган «Эътиқод ёки Нигилистлар» (1882), «Герцогиня Падунская» (1883), «Саломея» (1893) драмаларида ёш ёзувчининг исёнкор кайфияти ифодаланиб, ижтимоий ҳаёт масалалари муҳим ўрин эгаллайди. Лондонга қайтиб, газ. ва жур. лар билан ҳамкорлик қилган. Ахлоқсизликда айбланиб, 2 й. (1895—97) қамоқда ётиб чиққач, Парижга кўчиб ўтган. Қамокдан сўнг Уайльд ҳаётида рўй берган руҳий тушкунлик «Рединг қамоқхонаси балладаси» (1898) автобиографик асари ҳамда ўлимидан кейин эълон қилинган «Қамоқхонадаги тавба» (1905)да ўз аксини топган. «Уиндермир хонимнинг елпиғичи» (1892), «Бенуқсон эркак» (1895), «Жиддий бўлиш қандай муҳим» (1896) комедиялари, «Бахтли шаҳзода» ва «Юлдузли бола» (1888) адабий эртаклар тўпламларида ўзи яшаган муҳит урфодатларини танқидий акс эттирган. «Дориан Грей портрети» (1891) — 19-а. охиридаги интеллектуал романнинг ажойиб намунаси. 80-й. лардаги танқидий мақолаларида («Ўй-ниятлар» тўплами, 1891) Уайльд ҳоз. инглиз адабиётидаги ўзига яқин воқеа-ҳодисаларни ёритган. Айни пайтда халқ қўшиқчилик ижодини, П. Беранже шеъриятини юқори баҳолаган, О. Бальзак, Л. Н. Толстой, И. С. Тургенев ва Ф. М. Достоевскийлар бадиий маҳоратини меҳр билан тасвирлаган. Уайльд пьесалари асосида фильмлар яратилган.