УАЙТ

УАЙТ (White) Патрик Виктор Мартиндейл (1912.28.5, Лондон — 1990, Австралия) — австралия ёзувчиси. Кэмбриж ун-тини тугатган (1935). 1940—45 й. лар Британия авиациясида хизмат қилган. 1946 й. дан Австралияда яшаган. Биринчи романи — «Бахтли водий» (1939). Иккинчи романи — «Тириклар ва ўликлар» 2-жаҳон уруши йиллари яратилган. Урушдан кейин «Абиссинияга қайтиш» ва «Сохта дафн» пьесаларини ёзган. «Холамнинг саргузашти» романи АҚШда яхши баҳоланган. Асар ўз ички дунёсига берилиб ақлдан озган Гудмен исмли аёл ҳақида. «Инсон шажараси» (1955) романи эркак ва аёлнинг оилавий тарихи ҳақида бўлиб, ёзувчи оддий кишилар ҳаёти мисолида инсоний ҳаётнинг улуғворлигини акс эттирган. Уайт «Тумор» (1966), «Вивисектор» (1970), «Бўрон кўзи» (1973) каби романлар муаллифи. Новеллалар ҳам ёзган («Куйганлар» ва б.). Сўнгги асарлари: «Япроқдан ясалган белбоғ» (1977), «Туайнбернлар билан бўлган чигал иш» (1979) романлари, «Том тўсинидаги худо» (1978) шеърлар тўплами. Хилмахил нутқий қатламлар ва оҳангларнинг, поэтик рамзлар ва «аёвсиз» реализмнинг, кўтаринки руҳ ва муболағанинг ўзаро қўшилиб кетиши Уайт услубига хос хусусиятдир. Нобель мукофоти лауреати (1973).

Loading...