УФАР, уфор — қад. дойра (шунингдек, ноғора) усулларидан бири. Ўтмиш мусиқа рисолаларида Уфарнинг бир канча турлари келтирилган. Уларнинг ҳозирда кенг тарқалган шакли — бумбак;
2) халқ ва мумтоз мусиқада шу усул жўрлигида ижро этиладиган чолғу ва ашула йўллари Уфарлар 3/4 ва 6/8 такт ўлчовидаги 2 хил усулда ижро этилади (бумбакабакбумбак ёки бумбакобумбак); Шашмақом ашула бўлимининг 1 ва 2гуруҳ шўъбалари туркуми Уфарлар билан тамомланади. Улар 1 гуруҳ шўъбаларида Уфари Уззол (Бузрук макрмида), Уфари Ушшоқ (Ростда), Уфари Бает (Навода), Уфари Чоргоҳ, Уфари Сегоқ (Сегоҳда), Уфари Ироқ (Ирокда) деб номланади. 2гуруҳ шўъбаларида эса Савт, Мўғулча йўлларидаги шўъбалар номи билан қўшиб аталади. Мас, Уфари Мўғулчаи Бузрук, Уфари Савти Ушшоқ каби. Шўъбалардаги Уфарлар у ёки бу шўъба асосий қисмининг Уфар усулига туширилган ритмик вариантидир. Уфар ларнинг сурнай йўллари ҳам яратилган. Айниқса, туркумли сурнай йўлларида куйларнинг охирги қисми Уфар усулида ижро этилади. Уфарлар жозибали, енгил куй ва ашулалар бўлиб, ёқимли ва равон янграйди. Кўпинча улар жўрлигида турли рақслар ижро этилади. Уфарлар узбек, тожик ва кўпгина бошқа Шарқ халклари мусиқасида кенг тарқалган.