УФИМЦЕВ Виктор Иванович

УФИМЦЕВ Виктор Иванович (1899.21.11, Жан. Уралдаги Шадринск ш. яқинида — 1964.31.12, Тошкент) — Ўзбекистон халқ рассоми (1944). Омскдаги рассомлик курсида ўқиган (1917—19). 1933 й. дан Ўзбекистонда. Ҳамза театрида бош рассом (1933—36), Ўзбекистон рассомлар уюшмасининг раиси (1940—45). Уфимцев, асосан, тарихий жанрда ижод қилди, долзарб мавзуларга ҳозиржавоблик билан асарлар яратди, асарларида Ўрта Осиё халклари ҳаётини акс эттирди: «Турксиб» (1931), «Қаҳрамоннома» (1936), «Жанговар режа» (1940); «Тошкент ҳарбий шахар» (1943) асарлар туркуми, «Ер ва келажак хақида» (1957), «Бухоройи Шариф» (1957), «Ҳаёт гули» (1963), «Олдинги қаторда» (1964) ва б. Натюрмортлар («Мовий рюмкали натюрморт», 1949; «Сирень», 1950; «Дала гуллари», 1952; «Мовий гуллар», 1954 ва б.), ҳажвий плакатлар ва б. асарлар яратган, спектакллар («Менинг дўстим», 1934; «Номус ва муҳаббат», 1936 ва б.)ни бадиий безаган. Хорижий мамлакатларда бўлиб, таассуротлари асосида картиналар (мас, «Ҳиндистон» туркуми ва б.) яратган.