УГОМ-ЧАТҚОЛ ДАВЛАТ ТАБИАТ МИЛЛИЙ БОҒИ

УГОМ-ЧАТҚОЛ ДАВЛАТ ТАБИАТ МИЛЛИЙ БОҒИТошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон туманларининг тоғли ҳудудларида жойлашган миллий боғ. 1990 й. да ташкил этилган. Умумий майд. 574,6 минг га, шу жумладан 56,4 минг га ўрмонлар билан қопланган; арчазорлар 64679 га, шумтолзорлар 139 га, зарангзорлар 565 га, бодомзорлар 1670 га, оқ қайинзорлар 985 га, ёнғоқзорлар 1424 га, ёввойи олмазорлар 1451 га, дўланазорлар 2056 га. Умуман миллий боғда 70 дан ортиқ дарахт ва 80 га яқин бута турлари ўсади. Ўсимликлар тури 1000 дан ортиқ. Ўрмонлар асосан шим. ва шарқий қияликларда. Жан. қияликлар сийрак дарахтзорлар ёки қалин бутазорлардан, кўпинча яйдоқ ерлардан иборат.

Миллий боғнинг ҳайвонот дунёси ҳам ҳар хил ва бой: тўнғиз, тоғ эчкиси, қўнғир айиқ, бўри, тулки, қуён ва б. ҳайвонлар, каклик, қирғовул, каптар, бургут, захча, чуғурчуқ каби ҳар хил қушлар бор.

Миллий боғ иқлими континенталлиги билан ажралиб туради. Ўртача ҳарорат қишда —14,5° дан —32° гача, ёзда 33,5° дан 42° гача етади. Йиллик ёғингарчилик миқдори 400 мм дан 900 мм гача. Миллий боғда пастки тоғлик (900 — 1500 м), ўрта тоғлик (1500 — 2400 (2600) м), баланд тоғлик (2600 — 3000 м), альп (3000 м дан юқори), субальп (3200—3800 м) пояслари мавжуд. Миллий боғ ҳудудида Угом, Кўксув, Чатқол, Чирчиқ, Оҳангарон дарёлари ва жуда кўп сой ва сойликлар бор. Дарёлар соҳиллари ва сойликлар атрофларида оромгохлар ташкил этилган, сув омборлари, Чорвоқ ГЭС, Хўжакент ГЭС, Ғазалкент ГЭСлари бор. Абдушукур Хоназаров.

Loading...