УМАРХОН

УМАРХОН, Амир Умархон, Амирий (1787 — Қўқон — 1822) — Қўқон хони (1810—1822), зуллисонайн шоир. Норбўтабийнинт ўғли. Ўзбекларнинг минг уруғидан. Бошланғич саводини оилада чикариб, кейин мадрасада таҳсил олган. Ёшлигидан сарой хизматига жалб қилинган: акаси — Қўқон хони Олимхоннннг давлатни бошқариш ишларида фаол иштирок этган. Олимхон 1807—08 й. ларда унга Фарғона ҳокимлигини топширган. Шу йилларда у Андижон ҳокими Раҳмонқулибийнинг қизи Моҳларойим (Нодира)га уйланган.

Ҳоким табақалар Олимхоннинг Тошкентда кўтарилган ғалаённи бостириш учун қўшин тортганлигидан фойдаланиб, фитна уюштирадилар ва 1810 й. У. ни хон қилиб кўтарадилар, Олимхон эса ўлдирилади. Умархон Қўқон хонлиги ҳудудини кенгайтириш, ҳокимиятни мустаҳкамлаш сиёсатини олиб боради. Бухоро амирига карашли Туркистон ш. (1815), Ўратепани (1817) босиб олган. Сирдарё бўйидаги ерларда Янгиқўрғон, Жулек, Қамишқўрғон, Оқмачит, Қўшқўрғон номли ҳарбий истеҳкомлар қурдирган. Улар Ўрта Осиёни Россия билан боғлайдиган муҳим савдо йўлида жойлашган эди. У Россия б-н дипломатик муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилган. Умархон даврида Қўқон, Тошкент, Туркистон, Чимкент, Сайрам, Авлиёотада масжид ва мадрасалар қурилиб, қабристонлар тартибга келтирилган. Шаҳрихон шаҳарчаси барпо этилган, янги қишлоқлар вужудга келган. Хон амалдорларининг талончилик сиёсатига қарши Чимкент ва Сайрамда кўтарилган қўзғолон бостирилган. 19-а. нинг 1ярмида Қўқонда ўзига хос илмиймаданий муҳит вужудга келган — унинг бошида турган маърифатпарвар ҳукмдор Умархон илм, маданият, санъат, адабиёт, турли касбҳунарларнинг ривожига катта эътибор берган, мадрасаларда ўқишўқитиш ишларини яхшилаган, турли ҳунар мактаблари очилишини қўллабқувватлаган. Ўзи ҳам Амирий тахаллуси билан шеърлар ёзган. Унинг атрофида 70 дан ортиқ шоир йиғилган. 1821 й. да Фазлий Намангоний Умархон амрига биноан, 63 шоирнинг шеърини ўз ичига олган «Мажмуаи шоирон» тўпламини тузган. Уни улуғлаб қасидалар ёзиш, ғазалларига татаббуълар боғлаш бу шоирлар ижодида етакчи ўрин тутган.

У. Лутфий, Жомий, Навоий, Фузулий, Бедилни ўзига устоз санаб, улардан ижод сирларини ўрганган, уларга эргашиб ижод қилган, ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Арузнинг туркий адабиётда машҳур, халқ ижодида ҳам кенг тарқалган енгил ва ўйноқи вазнларидагина ёзилган бу шеърларнинг барчаси ишқу муҳаббат мавзуида. Уларда анъанавий мотивлар ва тасаввуфий руҳ устун. Ўзбек ва форстожик тилидаги шеърларини тўплаб, девон тартиб берган. Девон ғазал, мухаммас, мусаддас, туюқ жанрларидаги 10 минг мисрадан ортиқ шеърни ўз ичига олган.

Ўзбекистон ФА Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейининг матншунослик ва ёзма ёдгорликларни нашр этиш бўлимининг илмий ходимлари томонидан Умархоннинг турли даврларда кўчирилган 26 та қўлёзма девони ҳисобга олиниб, уларнинг илмий тавсифи берилган. Бу қўлёзмалар СанктПетербург, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро кутубхоналарида сакланади. Ўзбекистон ФА Шарқшунослик инти қўлёзмалар фондида Умархоннинг 17 та қўлёзма девони мавжуд. Бундан ташқари, литографик усудда чоп этилган девонлари ва шоир шеърларидан намуналар берилган баёзлар бор.

Ад.: Қаюмов А., Қўқон адабий муҳити, Т., 1961; Ибрат, Фарғона тарихи, Т., 1991; Мулла Олим Маҳмуд Ҳожи,Тарихи Туркистон, Қарши, 1992; Қайюмов А., Тазкираи Қайюмий, 1ж., Т., 1998; Ҳомидий Ҳ., Кўҳна Шарқ дарғалари, Т., 1999; Бобобеков ҳ., Қўқон тарихи, Т., 1996; Дилшод, Тарихи муҳожирон, Т., 1994; НодираКомила, Девон, 2001.