УМАВИЙЛАР

УМАВИЙЛАР — Яқин ва Ўрта Шарқ, Мовароуннаҳрда хукмронлик қилган араб халифалари сулоласи (661 — 750), арабларнинг Маккадаги қурайш қабиласининг умайя уруғидан келиб чиқишган. Асосчиси — Муовия I. У. даврида араблар ғарбда Шим. Африка, Пиренеи я. о. нинг катта кисми, шаркда Табаристон, Журжон, Мовароуннаҳр, Синд ва б. ҳудудларни босиб олишган. Муовия 1 (661—680) ва Абдулмалик даврида (685—705) давлатнинг ҳарбий, сиёсий, иқтисодий қудратини оширувчи бир қанча маъмурий ва ҳарбий ислоҳотлар ўтказилган. Хусусан, халифа лавозими наслий бўлиб қолган, давлат хазинаси ва давлат архиви ташкил этилган, араб тили давлат тили деб эълон қилинган, янги (олтин, кумуш ва мис) пул чиқарилган, ҳарбийденгиз флоти ташкил этилган. Умавийлар пойтахтни Дамашқ ш. га кўчирганлар, шу туфайли бу халифаликни Дамашқ халифалиги деб ҳам аташади. Умавийлар даврида кўплаб қўзғолонлар (736—737 й. Ўрта Осиёдаги Хорис ибн Сурайж, 731—740 й. ларда Марокашдаги барбарлар қўзғолони, 742 й. Мағрибда хорижийлар қўзғолони ва б.) бўлган. 747—750 й. лардаги Абу Муслим қўзғолони натижасида халифа Марвон II тахтдан тушган, ҳокимият аббосийлар қўлига ўтган. Умавийлар ҳукмдорлари: Муовия I (661 — 680), Язид I (680—683), Муовия II (683684), Марвон I (684685), Абдулмалик (685—705), Валид (705—715), Сулаймон (715717), Умар (717720), Язид II (720724), Ҳишом (724743), Валид II (743744), Язид III (744), Иброхим (744), Марвон II (744—750).