УМИД НЕФТЬ-ГАЗ-КОНДЕНСАТ КОНИ

УМИД НЕФТЬ-ГАЗ-КОНДЕНСАТ КОНИҚашқадарё вилояти Касби туманидаги кон, Қарши ш. дан 125 км ғарбда. 1976 й. да очилган, 1989 й. дан фойдаланишга топширилган. Кон майдонининг бал. 250—303 м. У. н. г. к. к. Чоржўй тектоник поғонасининг жан. шарқий қисмида, Денгизкўл кўтарилмасининг Кушоб эгилмаси билан туташган жойида жойлашган. Коннинг геологик тузилишида туз усти, туз ости ва риф ости структура қаватлари ажратилади. Жами 18 та қудуқ қазилган, мезозой ва кайнозой эраси ётқизиқлари очилган. Юра даври ётқизиклари маҳсулдор бўлиб терриген, карбонат ва тузангидрит жинсларидан таркиб топган. Тузангидритли қатлам регионал қопқоқ вазифасини ўтайди. Саноат миқёсидаги нефть ва газ юқори юра даврининг оҳактошли горизонтларида (2503—2629 м чуқурликда) учрайди. 15Р горизонтидаги жинслар тузилишига кўра риф ва риф оралиғи зоналарига бўлинади. Риф зонаси, асосан, риф генезисли ғовакли оҳактошлардан тузилган. Геологик кесим (горизонтнинг умумий қалинлиги 168 м) 80—100% коллектордан иборат. Газ уюми массив кўринишда бўлиб, унда нефть ҳошияси мавжуд. Газ уюмининг уз. 8 км, эни 3,6 км, бал. 110— 125 м. Нефть уюмининг уз. 8,4 км, эни 3,9 км, бал. 10—12 м. Кондаги газ қуруқ, метанли, кам олтингугуртли. Таркибида метан, пропан, изобутан, мўътадил бутан, изопентан, карбонат ангидрид гази, водород сульфид, азот ва гелий мавжуд. Кондаги нефть оғир, кам олтингугуртли, юқори смолали, парафинли, кам бензинли, асфальтенлар миқдори кам. Конденсатлар зичлиги 0,78 г/см3, юқори олтингугуртли кам парафинли. Асфальтен ва смола учрамайди. Фақат бензин фракциясидан иборат. Юқори юра даврининг карбонатли маҳсулдор жинсларидаги қатлам сувлари хлоркальцийли типга мансуб бўлиб, минераллашганлиги 91 — 106 г/л. Кимёвий таркиби: хлор, сульфат, гидрокарбонатдан иборат. Микрокомпонентлардан: йод, бром, аммоний бўлиб, сувдан йод, бром ҳамда нодир элементлар (литий, рубидий, стронций)ни саноат миқёсида ажратиб олиш мумкин. Кондан ҳоз. кунда фойдаланилмоқда.

Loading...