УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШ

УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШхалқ хўжалигининг илмий гигиеник талаблар асосида таомлар тайёрлаб сотадиган ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатадиган соҳаси. Умумий овқатланиш соҳасига ярим фабрикат озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлайдиган ф-калар, ошхоналар, ресторанлар, чойхоналар, қаҳвахоналар, буфетлар, емакхоналар, газакхоналар ва б. киради. Уларнинг айримлари истеъмолчиларга иш ва ўқиш жойларида хизмат кўрсатади. Кўпинча уларда истеъмолчиларга имтиёзли (овқат тайёрлаш ва хизмат кўрсатиш харажатларининг бир қисмини корхона ёки ўқув юрти ўз зиммасига олади) хизмат кўрсатилади.

Овқатни уйда тайёрлашдан Умумий овқатланиш корхоналарида тайёрлашга ўтиш жараёнининг ўзидаёқ меҳнатни кооперациялаш юзага келади, илғор технология ва юқори унумли жиҳозларни қўллаш туфайли меҳнат унумдорлиги бир неча баробар ошади. Истеъмолчиларнинг овқат тайёрлаш вақтини тежаш имкониятини яратиб, бўш вақтни кўпайтиришга хизмат қилади.

Умумий овқатланиш корхоналари орасида ресторан, кафе, барлар асосий ўринни эгаллайди. Уларда овкатланиш билан бирга маданий дам олиш, юбилей, оилавий, тўй тантаналари ва б. маросимлар ҳам ўтказилади. Меҳмонхоналарда, аэропорт, т. й. вокзаллари, автобуслар ст-ялари, поездлар ва теплоходларда жойлашган Умумий овқатланиш шохобчалари йўловчиларга, туристларга хизмат кўрсатади. Умумий овқатланиш корхоналарида, албатта, пазандачилик санъати етакчи ўринда туради. Узоқ асрлар мобайнида Ўрта Осиёда, жумладан, Ўзбекистонда, асосан, чойхоналар Ў. о. жойи бўлиб келган. 19а. охирига келиб Россия империяси Ўрта Осиёни босиб олганидан кейин «Ривьера», «Париж», «Шимол» (Самарқанд), «Регина», «Буффа», «Анона» (Тошкент) каби ресторанларда фақат юқори табақа вакилларига хизмат кўрсатилган. 1918 й. да Туркистон т. й. ишчи ва хизматчилари учун Тошкент, Қўқон, Арис, Ховас ва б. жойларда овқатланиш корхоналари очилган. Шу йилнинг охирида уларнинг сони 80 тага етган. 1923 — 24 йларда меҳмонхоналарда ошхоналар, дам олиш жойлари ва бозорларда кизил чойхоналар ва кабобхоналар очилган.

30 ва кейинги йилларда Умумий овқатланиш тизимига катта эътибор берилди. Умумий овқатланишни бошқариш ва ташкил этиш, тармоқнинг ривожланишини, санитария ҳолатини яхшилаш, зарур асбобускуналар, жиҳозлар билан таъминлаш ва маҳсулот сифатини яхшилаш каби тадбирлар амалга оширилди. 80-й. ларга келиб Ўзбекистонда Умумий овқатланиш корхоналарининг сони 18802 тага етди. Ўларда 90,4 минг киши фаолият кўрсатди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида Умумий овқатланиш тармоғида хусусийлаштириш жараёни тезлашди. Корхоналар мулкчилик шаклларини узгартириб, акциядорлик, масъулияти чекланган жамиятларга, хусусий корхона, фирма ва б. мулкчилик шаклларига ўтказилди. Шаҳар ва туман марказлари, гузарлар, йирик қишлоқларда кўплаб хусусий ресторан, кафе, ошхона, деқҳон бозорларида миллий таомлар расталари ва б. фаолият кўрсата бошлади. Ўзбекистонда 877,3 минг ўринга эга бўлган 17,5 минг Умумий овқатланиш корхоналари мавжуд. Буларнинг 0,6 мингтаси давлат, 16,9 мингтаси нодавлат корхоналаридир. Ҳар бир овқатланадиган ўринга 35 киши, ҳар бир корхонанинг хизмат кўрсатиш имкониятига 1428 киши тўғри келади (2003).

Умумий овқатланишнинг ривожланишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 й. 13 фев. даги «2003—2006 йилларда чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш корхоналари тармокларини ривожлантиришга дойр қўшимча чоратадбирлар тўғрисида»ги ва б. карорлари муҳим роль ўйнади.

Умумий овқатланиш корхоналарининг анча қисми «Узбекбирлашув», «Узбектуризм», Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни саклаш вазирлиги ва б. га қарайди, касалхоналар, санаторий ва дам олиш уйларига, мактаблар, мактабгача болалар муассасалари ва б. га хизмат кўрсатади.

Умумий овқатланишни ривожлантиришнинг асосий йўналиши овқатланиш ўринлари сонини кўпайтириш, юқори сифатли тайёр маҳсулотлар ва музлатилган таомлар и. ч., У. о. ни хом ашё маҳсулотлари билан таъминлашни яхши йўлга қўйиш, таомлар сифати ва хизмат кўрсатиш маданиятини яхшилаш, пазандалик индустриясини ривожлантириш, қўл меҳнатини камайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва ҳ. к. дан иборат. Республикада Умумий овқатланиш корхоналари фаолияти «Савдогар» газ. да, жур. ларда ёритилади.

Ад.: Бозоров Н., Шапошников Ф., Умумий овқатланиш системасини бошқаришнитакомиллаштириш, Т., 1986; Эрбўтаев И., Умумий овқатланиш ва хизмат маданияти, Т., 2000; Аҳроров Умумий овқатланиш, Вакил М. М ., Таом тайёрлаш технологияси, Т., 2004.