УМУМИЙ ТАЪЛИМ

УМУМИЙ ТАЪЛИМ — касби ва турмуш тарзи қандайлигидан қатъи назар табиат, жамият, тафаккур, санъат, маънавият бўйича ҳар бир киши эгаллаши зарур бўлган билим асослари, шунингдек, ҳар бир одамда ҳаётда қийналмай яшаши учун шакллантирилиши керак бўлган кўникма ва малакалар йиғиндиси; маълум ёщдаги барча болаларнинг муайян билимлар минимумини берадиган мактабларда маълум вакт мобайнида мажбурий таълим олиши.

Умумий таълимни эгаллаш ҳар бир кишига илмий дунёқарашни шакллантириш, унда оламни билиш крбилиятини ривожлантириш имкониятини беради. Шунингдек, Умумий таълим касбий ҳамда политехник таълимнинг пойдевори бўлади. Умумий таълим ўқув муассасаларида ўқиш орқали ҳам, мустақил таълим йўли билан ҳам олиниши мумкин.

Жаҳон пед. фани ва амалиётида Умумий таълимнинг бошланғич, кучайтирилган бошлангич ва ўрта сингари турлари мавжуд. Бошланғич Умумий таълим ўқиш, ёзиш, арифметиканинг дастлабки амаллари ҳамда табиатшунослик, геогр. ва Ватан тарихи юзасидан ибтидоий тушунчалар, раем, мусиқа, жисмоний тарбия ва меҳнат сингари ўқув фанларини ўз ичига олади. Кучайтирилган бошланғич Умумий таълимда эса ўқувчиларга она тили грамматикаси, чет тили, адабиётнинг қисқа курси, мат. нинг айрим бўлимлари, алгебра, геом., физика, табиатшунослик, чизмачилик бўйича ибтидоий маълумотлар, геогр., тарих, раем, меҳнат курслари қўшилади. Европа мамлакатларининг аксариятида бошланғич ва кучайтирилган бошлангич Умумий таълим таълимнинг мустақил тизими сифатида қаралади ва ўрта Умумий таълим билан етарли узвийлик касб этмайди. Ўрта Умумий таълим, одатда она тили ва адабиётнинг тизимли курси, чет тиллари, Ватан ва жаҳон тарихи, маданиятшунослик, алгебра, геом., тригонометрия, физика, кимё, биол., чизмачилик, геогр., жисмоний тарбия, информатика ва б. ни ўз ичига олади. Айрим Умумий таълим мактаблари бир ёки бир неча ўқув фанларининг чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишига ихтисослашган бўлади.

Ўзбекистонда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилингунига қадар (1997) Умумий таълим бошланғич (1—4синф), таянч (5—9синф) ва ўрта (10— 11синф) босқичдан иборат бўлган. Эндиликда Ўзбекистондаги Умумий таълим бошлангич (1—4синфлар), ўрта (5—9синф) ва ўрта махсус (академик лицей ва касбҳунар коллежлари) каби босқичлардан иборат бўлиб, мамлакатимиз ёшларининг баркамол шахс бўлиб шаклланишини таъминлашга йўналтирилган.

Ўзбекистонда қадим замонлардаёқ таълим тизими кенг тармоқ ёйган бўлишига қарамай, умуммиллий миқёсда Умумий таълим расман 1930 й. нинг 15 сент. дан жорий этилди. Ўша даврдаги ҳукуматнинг қарорига кўра, 1934 й. дан бошлаб Ўзбекистонда умумий бошланғич таълим олиш мажбурий қилиб қўйилди. Бу тартиб нафақат мактаб ёшидаги болаларга, балки бошланғич маълумотга эга бўлмаган катта ёщдаги кишиларга ҳам татбиқ қилинди. Шунинг учун ҳам мамлакатда саводсизлик ва чаласаводликни тугатишга йўналтирилган вақгинчалик мактаблар тиздми пайдо бўлди. 1938 й. нинг июлидан Ўзбекистонда умумий етти йиллик мажбурий таълим жорий этилди. Лекин 2-жаҳон уруши мамлакатда умумий етти йиллик таълимнинг тўлиқ амалга ошишига имкон бермади. 1956 й. дагина етти йиллик Умумий таълимга тўлиқ эришилди. 1958 й. дан Ўзбекистонда Умумий таълим саккиз йилга, 1975 й. дан ўн йилга етказилди. 1990 й. дан Ўзбекистонда Умумий таълим муддати ўн бир йилни ташкил этди.

Фан ва техниканинг тинимсиз ривожланиб, ахборотларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб бориши ва уни етказиш технологияларининг тезкор тараққиёти Умумий таълим муддатини узайтиришни тақозо этиши табиийдир. Шуни назарда тутилгани учун ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан 1997 й. да Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди. Унга кўра, ЎзРда Умумий таълим тизими уз ичига академик лицей ва касбҳунар коллежларини ҳам қамраб олди. Шу тариқа, Ўрта Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Умумий таълим урта махсус таълим даражасига кутарилиб, муддати ўн икки йилга етказилди.