УМУМЛАШТИРИШ

УМУМЛАШТИРИШ — инсоннинг воқеликни билиш, тадқиқ этишдаги муҳим фикрий амалларидан бири; нарса ва ҳодисаларнинг ўхшаш ҳамда муҳим белги, хусусиятларини, боғланишларни фикран муайян тушунчага бирлаштириш жараёни ва унинг натижаси. Умумлаштириш — илмий билишнинг муҳим воситаларидан ҳисобланади. Умумлаштиришда айримликдан умумийликка ўтилади (мас, «иссиқлик» тушунчасидан «энергия» тушунчасига ўтиш) ва умумий тушунча, ҳукм, назариялар ҳосил қилинади (сабзи, пиёз, карамсабзавот; олма, нок, ўрикдарахт). Бундай тушунчалардан юзага келган умумий билим моддий оламни чуқурроқ акс эттириб, унинг моҳиятини англаб олишга ёрдам беради. Воқелик тўғрисидаги тушунчаларни, уларга асосланган билимларни умумлаштирмасдан фанларнинг асосий категорияларини яратиб бўлмайди. Умумлаштириш сиз билимларимизни системага солиш мумкин эмас. Умумлаштириш сиз фан ва илмий билимлар тараққий эта олмайди. Барча илмий категориялар, улар ёрдамида ифодаланувчи қонун ва тамойиллар, тажрибада тўпланган эмпирик тушунчалар Умумлаштириш натижасида ҳосил қилинган.

Loading...