УМУРТҚАЛИЛАР

УМУРТҚАЛИЛАР, бошскелетлилар (Vertebrata ёки Craniata) — хордалилар типига мансуб ҳайвонлар кенжа типи. Турлари сони умуртқасизларга нисбатан кам; шунга қарамай улар ҳоз. замон биосферасида муҳим ўрин тутади. Умуртқалилар юксак тузилган; ўзгарувчан яшаш хусусиятига эга. Улар океан сувининг турли қатламларида, баланд тоғларда, чўлларда ва б. жойларда яшайди. Барча Умуртқалилар эволюциясида улар тузилишининг битта умумий режа асосида ривожланиши кузатилади. Бундай ривожланиш морфологик, биокимёвий ва физиологик хусусиятлари, хаттихаракатлари ҳамда психик фаолияти жиҳатидан такомиллашган формалар вужудга келишига олиб келган. Умуртқалиларнинг қад. аждодлари (бош скелетсизлар, пардалилар) денгизда яшаган. Умуртқалилар дастлаб чучук сувда пайдо бўлиб, эволюциянинг дастлабки босқичини ўтган. Улар эволюцияси давомида бирламчи ўқ скелетхорда ўрнига дастлаб тоғайли, кейинроқ суякли умуртқа поғонаси пайдо бўлган. Натижада сув оқимига қарши харакатлана оладиган кучли мускулатура учун пишиқ ва эластик таянч скелет вужудга келган. Умуртқалиларнинг сувдан қуруқликда яшашга ўтиши билан улар организмида муҳим ўзгаришлар юз берган. Ҳаракат органларининг фаол ишлаши учун овқат ҳазм қилиш, нафас олиш, қон айланиш, айириш, сезги органлари ва марказий нерв системаси яхши ривожланган. Овқат ҳазм қилиш системаси (оғиз бўшлиғи, қизилўнгач, ошқозон, ичаклар)нинг турли қисмларидан ферментлар ажралиб, овқатни узлуксиз парчалаш имконияти туғилган; жигар организмда муҳим кимёвий «лаборатория» вазифасини бажарган. Умуртқалилар юраги бўлмача ва қоринчадан иборат. Қон айланиш системаси ёпиқ. Жабра ёки ўпка орқали нафас олади. Қадимги Умуртқалиларнинг чучук сувда яшашга ўтиши билан сувтуз алмашинуви бирламчи буйрак — мезонефрос ўрнига амиоталарда иккиламчи буйрак — метанефрос пайдо бўлган. Метаболизмнинг гормонал бошқарилиши мураккаблашган. Умуртқалиларнинг нерв системаси ва сезги органлари иши ривожланган. Баъзиларида электр ва магнит сезувчи органлар ҳам бор. У., одатда, айрим жинсли, бирок, гермафродитизм ҳам учраб туради. Тубан Умуртқалилар тухум қўйиб, кўпчилиги тирик бола туғиб кўпаяди. Юксак Умуртқалилар наслига ғамхўрлик қилади. Энг қадимги Умуртқалилар қолдиклари ордовик даври чучук сув хавзалари ётқизиқларидан топилган. Судралиб юрувчилар мезозойда жуда кенг тарқалган. Улардан сут эмизувчилар ва кушлар пайдо бўлган. Ҳозир Умуртқалиларнинг 40—45 минг тури мавжуд бўлиб, 7 синф (тўгарак оғизлилар, тоғайли баликлар, суякли балиқлар, сувда ва қуруқликда яшовчилар, судралиб юрувчилар, қушлар ва сут эмизувчилар)га бўлинади.

Умуртқалилар одам ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга. Бир қанча Умуртқалилар юқумли касалликлар (улат, туляремия, қутуриш, энцефалит ва б.) қўзғатувчиларини ташувчи ҳисобланади.

Next Article

УН