УМУРТҚАСИЗЛАР

УМУРТҚАСИЗЛАР (Invertebrata) умуртқа поғонаси бўлмайдиган ҳайвонлар гуруҳи. Ҳайвонот дунёсини умуртқасизлар ва умуртқалиларга ажратишни 19-а. бошида француз олими Ж. Б. Ламарк таклиф этган бўлиб, систематик аҳамиятга эга эмас. Чунки умуртқасизларга ҳайвонот дунёсининг хордалилардан ташқари барча типлари киради. Лекин хордалиларнинг ҳамма вакилларида умуртқа бўлмайди. Ҳозир «Умуртқасизлар» термини фақат ҳайвонларни умумий тавсифлаш учун илмий асар ва ўқув қўлланмаларида ишлатилади. Умуртқасизларнинг таксономик гурухлари узилкесил ҳал этилмаган. Уларга бир қужайралиларнинг 5—7 типи, пластинкалилар, ғовактанлилар, тароқлилар, барча чувалчанглар, моллюскалар, бўғимоёқлилар, игнатерилилар (ҳаммаси бўлиб 16—23 типга мансуб ҳайвонлар) типи киради. Лекин бир қанча таксономик гуруҳлар таркиби (мас, бир қужайралилар, чувалчанглар) аниқ белгиланмаган. Умуртқасизларнинг 1,5 млн. дан 2,0 млн. га яқин тури маълум. Умуртқалиларнинг эса 45 минг тури бор.

Умуртқасизлар чучук сув, денгиз ва океанлар, қуруқлик ва тупроқ қатламларида яшайди; бир қанчаси паразит (қ. Паразитизм). У. табиатда катта аҳамиятга эга. Олдинги геологик даврларда яшаган Умуртқасизлар баъзи чўкинди жинсларнинг таркибини ташкил этади (мас, оҳактошнинг таркиби деярли ўлиб битган фораминифера, кораллар, мшанкалар ва б. скелетидан иборат). Кўпчилик Умуртқасизлар ёки уларнинг маҳсулоти одам ва чорва моллари, паррандалар, балиқлар учун озиқ (мас, асал, қисқичбақасимонлар ва б.). У. ҳаётий маҳсулоти техникхўжалик мақсадларда ишлатилади (мас, асалари муми, ипак қурти пилласи, моллюскалар чиғаноғи, марварид ва б.), шунингдек, Умуртқасизлар.дан қ. х. да экинлар ва ҳайвонлар зараркунандаларига биологик қарши курашда, чўкинди жинслар ёшини аниклашда хам фойдаланилади. Фойдали Умуртқасизлар билан бирга, қ. х. зараркунандалари, юқумли касалликларни ташувчилар, паразитлик қилиб касаллик қўзғатувчилари ҳам бўлади.

Ад.: Мавлонов О., Хуррамов Ш., Норбоев 3., Умуртқасизлар зоологияси, Т., 2003.

Loading...