УОЛЛЕС

УОЛЛЕС (Wallace), Уильям (тахм. 1270-1305.23.8) — шотланд халқининг (Англиядан мустақил бўлиш учун курашида) миллий қаҳрамони. 1297 й. 11 сент. да Уоллес раҳбарлигидаги қўзғолончилар армияси Стерлинг яқинида инглиз қўшинларини тормор келтирган ва Уоллес бир неча ой муддатга Шотландиянинг амалдаги ҳокимига айланган. 1298 й. 22 июлда Уоллес армияси инглиз қироли Эдуард I нинг куч жиҳатдан устун бўлган қўшинидан енгилган. Аммо инглиз босқинчиларига қарши кураш давом этган. 1305 й. авг. да хиёнат туфайли Уоллес қўлга олинган ва қатл қилинган. Уоллес образи шотланд халқининг кўплаб қўшиқ ва балладаларида ўз аксини топган.