УРАН РУДАЛАРИ

УРАН РУДАЛАРИ — таркибидаги уран ва унинг бирикмалари техник жиҳатдан саноатда ишлатишга яроқли ва иқтисодий жихатдан мақсадга мувофиқ концентрацияда бўлган табиий минерал ҳосилалар. 100 га яқин уран минераллари маълум бўлиб, шундан 12 таси амалий аҳамиятга эга; айниқса, кўпроқ саноат аҳамиятига эга бўлган уран оксидлари — уранинит ва унинг турлари, шунингдек, силикатлар — коффинит, титанатлар — давидит ва браннерит; сувли фосфатлар, арсенотлар ва ванадатлар — уранли слюдкалар саноатда катта аҳамиятга эга. Уран рудалари пайдо бўлишига кўра, экзоген, эндоген, метаморфоген рудаларга ажратилади. Эндоген рудалар юқори тра ва босим таъсирида пегматит ва гидротермал эритмалардан ажралиб чиқади. Бундай рудалар бурмаланиш областлари ва фаоллашган платформаларга хос. Экзоген рудалар ер юзасига яқин жойларда ва ер юзасида чўкинди ҳосил бўлиш жараёнида (сингенетик рудалар) ёки грунт сувлар циркуляцияси натижасида (эпигенетик рудалар) ҳосил бўлиб, асосан, ёш платформалар билан боғлиқ. Метаморфоген рудалар чўкинди қатламлар метаморфизми жараёнида дастлаб тарқалган уранни тақсимланишидан ҳосил бўлиб, қад. платформалар учун хос. Уран рудалари ўта контрастли, контрастли, кам контрастли ва контрастли бўлмаган рудаларга ажратилади. Рудаларнинг контрастлилиги уларнинг радиометрик бойитилиши имкониятини ва мақсадга мувофиқлигини белгилайди. Уран рудалари йирик донадор (кўндалангига 25 мм), ўрта донадор (3—25 мм), майин (0,015—0,1 мм) ва дисперс (0,015 мм дан кам) га ажратилади. Уран минераллари агрегатлари ва доначаларининг ҳажмига қараб, рудаларни механик бойитиш имконияти аникланади. Таркибидаги аралашмаларга кура соф уран, ванадийли уран, никелькобальтвисмуткумушли уран ва б. рудалар фаркданади. Уран рудалари таркибидаги ураннинг миқдорига қараб 5 турга бўлинади: уранга жуда бой рудалар (уран 1% дан кўп), бой рудалар (1— 0,5%), ўрта рудалар (0,5—0,25%), урани кам рудалар (0,25—1%), урани жуда кам рудалар (0,1% дан кам). Таркибида 0,01 — 0,015% уран бўлган рудалардан ҳам кўшимча маҳсулот сифатида уран ажратиб олинади. Уран рудаларининг асосий конлари АҚШ (Колорадо платоси), Канада (Онтарио ва Саскачеван провинциялари), Франция (Марказий Франция массиви) ва ЖАР (Витватерсранд)да; Австралия ва Габонда ҳам ураннинг йирик конлари бор. Ўзбекистон ҳудудида ураннинг аҳамиятга молик захиралари мавжуд. Марказий Қизилқумда уран конларининг 24 таси аниқланган, улардан 11 таси йирик (Учқудуқ, Суграли, Собирсой, Кетмончи, Букиной, Жан. Букиной, Шим. Конимех, Лавлакон, Бешқоқ, Аленди) кон хисобланади. Булардан ташқари, ЧатқолҚурама тоғларида ва Фарғона ботиғида ҳам Уран рудалари топилган.

Loading...