УРБАНИЗАЦИЯ (франц. urbanisation, инг. urbanization, лот. urbanus — шаҳарга мансуб, urbs — шаҳар) — жамият ҳаётида шаҳарлар ролининг ортиб бориши; ишлаб чиқарувчи кучларнинг жойлашуви, аҳолининг ижтимоий, демографик таркиби, турмуш тарзи ва маданиятидаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Урбанизация — тарихий ривожланиш асосида шаклланган жамият босқичлари ва ҳудудий меҳнат тақсимоти натижасида содир бўлган кўп қиррали географик, ижтимоий-иқтисодий ва демографик жараёндир. Урбанизациянинг торроқ доирадаги демографикстатистик тушунчаси дунёда, алоҳида ҳудудларда, мамлакатларда шаҳарларнинг (айниқса, катта шаҳарларнинг) ва шаҳар аҳолиси салмоғининг кўпайиб боришини англатади.
Дастлабки шаҳарлар мил. ав. 3—1минг йилликларда Мисрда, Месопотамия, Сурия, Ҳиндистон, Кичик Осиё, Хитой, Ҳиндихитой, шунингдек, Европа ва Африканинг Ўрта денгиз соҳилларида вужудга келган. Юнонрим дунёсида эса Рим ва Карфаген ш. ларининг мавқеи юқори бўлган. Ўрта асрлар ва Уйғониш даврида капиталистик и. ч. унсурлари шакллана бошлади. Бу жараён шаҳарларда аҳоли сонининг ўсиб боришига, концентрациялашувига олиб келди. Иқтисодий ривожланган давлатларда йирик шаҳарлар пайдо бўла бошлади.
Урбанизация жараёнининг ривожланиши шаҳарларнинг ўсиши ва шаҳар ахрлисининг шаклланиши, шаҳар аҳолисининг табиий ўсиши, шаҳар атрофи ҳудудларининг маъмурий жиҳатдан шаҳарга қўшилиб бориши, қишлоқ аҳоли манзилгоҳларининг шаҳар мақомини олиши билан боғлиқдир. Шаҳарларнинг ўсишида шаҳар атрофи зоналарида шаҳар турмуш тарзининг шаклланиб бориши, яъни Урбанизация жараёнининг кучайиши ҳам аҳамиятлидир. Катта шаҳар атрофида кичик шаҳарлар пайдо бўлиб, катта шаҳарларга қўшилиб боради ва шаҳарлар агломерациясш ҳосил бўлади. Ривожланган мамлакатларда агломерация жараёни авж олган, алоҳида агломерацияларнинг қўшилиб кетиши натижасида мегаполислар вужудга келмоқда.
Урбанизациянинг асосий кўрсаткичи шаҳарликлар сонининг ўсиши ва жами аҳоли таркибида шаҳар аҳолиси салмоғининг ортиб боришидир. 20-а. нинг охири ва 21-а. бошларида дунёда шаҳар турмуш тарзининг қишлоқ жойларига тарқалиши, яъин Урбанизация жараёни кузатилмоқда. Бу эса шаҳар аҳолиси салмоғининг ортиб боришига олиб келмокда. 1950 й. дунё аҳолисининг 28,9% шаҳарларда яшаган. 1960 й. бу кўрсаткич 33,9% ни, 1970 й. 37,4%, 1980 й. 41,1%, 1990 й. 45,8% ва 2000 й. 51,2% ни ташкил этди. Шаҳар аҳолисининг салмоғи ривожланган мамлакатларда анча юқори (2000 й. да АҚШ, Буюк Британия, Япония, Швецияда 75% ва Германияда 94%, Россияда 73% бўлган). Осиё ва Африкадаги ривожланаётган мамлакатларда Урбанизация жараёни дунёнинг ўртача кўрсаткичидан анча паст. 2000 й. да шаҳар аҳолисининг салмоғи Афғонистон ва Эфиопияда 11 — 14% ни, Миер ва Туркияда 45% ни ташкил этди.
Урбанизациянинг ҳоз. босқичида катта шаҳарларда аҳоли концентрациялашувининг ўсиши кузатилмоқда. Бу жараёнда миллионер (1 млн. ва ундан ортиқ аҳоли яшайдиган) шаҳарлар алоҳида ўрин эгаллайди. 1900 й. да дунё бўйича миллионер шаҳарлар сони ўнта бўлган бўлса, 21-а. га келиб бу кўрсаткич 200 дан ошди. Дунёда аҳолиси 10 млн. дан ортиқ йирик шаҳарлар [Мехико (25 млн.), Токио (20 млн.), Сеул (13 млн.), Пекин (11 млн.), Париж, Қоҳира, БуэносАйрес ва Лондон (10 млн.)] мавжуд.
Ўзбекистонда Урбанизация жараёни ўз тарихий ривожланиш босқичларига эга. Унинг ривожланиши ўлканинг ижтимоийиқтисодий ривожланиши ва демографик хусусиятлари билан боғлиқ. Ўзбекистонда энг қад. шаҳарлар билан бирга 20-а. нинг 2ярмида вужудга келган шаҳарлар хам мавжуд. 1913—80 й. ларда Ўзбекистон шаҳарлари сони ва шаҳар аҳолиси салмоғи ўсди. Ўзбекистонда 120 та шаҳар бўлиб, уларда 8249,3 минг киши яшайди (2003). Уларнинг 38 тасида аҳоли сони 20 минггача бўлган кичикроқ шаҳарлар, 65 таси 20 мингдан 100 минггача бўлган ўрта шаҳарлар, 16 таси аҳолиси 100 мингдан 500 минггача бўлган йирик шаҳарлар ва Тошкент миллионер шаҳардир. 19-а. нинг охиридан бошлаб Ўзбекистонда Урбанизация жараёни ривожланиб келмокда.
Ўзбекистонда кейинги йилларда Урбанизация кўламига, асосан, шаҳар аҳолисининг табиий ўсиш жараёни камайиб бориши таъсир этмокда. 1991 й. Ўзбекистонда ҳар 1000 аҳолига нисбатан табиий ўсиш 19,9 кишини ташкил этган бўлса, 2002 й. да бу кўрсаткич 10,8 кишини ташкил этди.