УРГУТ — Самарканд вилояти Ургут туманидаги шаҳар (1973 й. дан), туман маркази. Зарафшон тог тизмасининг ғарбий давоми ҳисобланган Чақиликалон тоғининг этагида, Самарканд ш. дан 35 км нарида, вилоятнинг жан. шарқий қисмида жойлашган. Шаҳар ўртасидан Ургутсой оқиб ўтади. Ахолией 60,5 минг киши (2003).
Ургут «Бобирнома»да Аркат, 18-а. бошларига оид тарихий ҳужжатларда Аркут қишлоғи сифатида тилга олинган. «Ургут» — Ўркент сўзининг кейинроқ ўзгарган ясамаси, ўр — баландлик; кент — шаҳар, яъни баландликдаги шаҳар маъносини англатади дегувчилар ҳам бор. Тарихчи Муҳаммад Яъқуб Бухорий ўзининг «Гулшан улмулук» асарида 1797—98 й. лардаги кучли зилзила оқибатида Ургут қўрғонининг вайрон бўлганлигини ёзади. Шаҳарда халқ ҳунармандчилиги (пичоқчилик, чопон, сўзана ва ҳ. к.) қадимдан ривожланиб келган. 1931 й. да 55 от кучига эга бўлган электр двигатели ишга туширилган. 1935 й. да МТС ташкил қилинган.
Ургутда 5 саноат корхонаси, бундан ташқари, 6 қўшма ва 9 хусусий корхоналар мавжуд. Улар, асосан, қурилиш материаллари (ғишт, мармар, бетон ғиштлар), яхна ичимликлар, қандолат маҳсулотлари и. ч., сут ва гўштни қайта ишлаш, нон пишириш, тамаки ферментациялаш билан шуғулланувчи корхоналардир. Ушбу корхоналарнинг асосий қисми ўрта ва кичик корхоналар. Қўшма корхоналар ичида Бельгия билан ҳамкорликда қурилган «УргГазкарпет» ва б. корхоналар бор. Аҳолига хизмат кўрсатадиган 3500 дан зиёд хусусий устахона ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, машҳур «Ургут» бозори фаолият кўрсатади.
14 умумий таълим мактаби (13,5 мингга яқин ўқувчи), 2 касбҳунар коллежи (1250 ўқувчи), 9 кутубхона, маданият уйи, ўлкашунослик музейи, халқ театри, марказий маданият ва истироҳат боғи, стадион мавжуд. 4 касалхона, 5 поликлиника, 22 дорихона, шахар якинида соғломлаштириш ўрмонлисанаторий мактаби, болалар ёзги оромгохлари, Хўжа Омон, Хўжа Чорчинор қўриқхоналари бор. Ургутдан Самарканд ва Тошкентга автобуслар қатнайди.
Тошпўлат Жумабоев.