УРУМЧИ

УРУМЧИ — Хитойдаги шаҳар. Синьцзян Уйғур мухтор районининг маъмурий маркази. Тяньшан тоғларининг шим. Этагида, Урумчи дарёси водийсидаги воҳада. Аҳолиси 2 млн. кишидан зиёд (2004), асосан, хитойлар. Муҳим иктисодий ва маданий марказ. Транспорт йўлларининг йирик чорраҳаси. Хитойни Европа мамлакатлари билан боғлайдиган т. й. У. орқали ўтган. Тўқимачилик, озиқовқат, металлургия, кимё, машинасозлик саноатлари, цемент, қоғоз корхоналари мавжуд. Унтлар (Синьцзян ун-ти, Ислом ун-ти), музей (5—6 минг йиллик тарихга эга экспонатлар: Такламакон чўли атрофидаги қад. шаҳарлар харобалари орасидан топилган жасадлар ва матолар бўлаклари сақланади) бор. Шаҳар ўзининг кечки бозорлари билан машҳур. Туризм марказларидан. Шаҳар яқинида тошкўмир қазиб олинади.

Археологик маълумотларга кўра, Урумчи ўрнида 2500 й. муқаддам турар жойлар бўлган. Шаҳар сифатида Такламакон чўлининг шим. дан ўтган савдо йўли ёқасида вужудга келган. Бироқ шаҳарнинг сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий аҳамияти 18-а. ўрталаридан ортиб борди. 19-а. дан 20-а. ўрталаригача Урумчини хитойлар Дихуа деб атаганлар. Кўҳна будда ибодатхонаси бўлгани сабабли шаҳарнинг Хунгмяози (Қизил будда ибодатхонаси) деган номи ҳам бўлган. 1954 й. дан шаҳарнинг аввалги номи бўлган Урумчи (мўғул тилида — атрофи ўралган дала) унинг расмий номи. Урумчида хукумат ва маъмурий бинолар жойлашган.

Loading...